Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Навоий давлат педагогика институти томонидан “Устозлар форуми” ташкил этилди.
600 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар иштирок этган Форумда институт ректори, профессор Муҳиддин Калонов олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар ва институт истиқболи йўлидаги стратегик режалари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таъкидланганидек, эндиликда институтда жаҳоннинг ривожланган ТОП-300 талик рўйхатида турадиган ОТМларнинг ўқув фан ва режалари, дастурлари ўзлаштирилади, таълимнинг янгича технологиялари татбиқ этилади.

Форум доирасида мунтазам илмий-педагогик фаолият билан машғул бўлган, юқори малакали, тегишли соҳада чуқур касбий билим ва ютуқларга эришган 60 нафар ходимга илмий унвон ҳамда илмий даражаларини тасдиқловчи дипломлар, кўкрак нишонлари, сертификатлар топширилди.
***
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети талабаси Фарҳод Эркинов 2023-2024 ўқув йилида Хоразм вилоятидаги Маъмун университети томонидан эълон қилинган “Маъмун университети гранти” танловида ғолибликни қўлга киритди.
Танловда республикамизнинг барча олийгоҳларидан 170 нафардан ортиқ талаба иштирок этди. Махсус комиссия қарори билан 3 нафар иштирокчи ғолиб, деб топилди.
Янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан Урганчда ташкил этилган байрам тадбирида ғолиблик гувоҳномалари ўз эгаларига топширилди. Эндиликда уларга 2024-2025 ўқув йили давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг белгиланган миқдорида стипендия тўланади.
***
Қизилтепа туманидаги 36-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Ғамхўрлик” гуруҳи ташкил этилди.




Ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ва мактаб-интернатларида таълим олишга рухсат этилмаган болаларга қисқа муддатли таълим-тарбия бериш ҳамда парваришлаш мақсадида ташкил этилган гуруҳда барча шароитлар яратилган бўлиб, уларнинг жамиятга мослашишига кўмаклашилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири