Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бугунги кунда ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз томонидан барча раҳбарлар олдига, аввало, ишсиз, норасмий секторда банд бўлган ва чет элга ишлаш учун кетган ёшлар билан тизимли ишлаш вазифаси қўйилган.
Навбаҳор тумани “Сарбозор” МФЙ биносида Навоий давлат педагогика институти ректори, профессор Муҳиддин Калонов иштирокида учрашув ташкил этилди.

Унда давлатимиз томонидан ёшлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, уларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши, етук шахс сифатида камол топиши учун барча имкониятлар мавжудлиги, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги дастурлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Бугунги кунда Сарбозор маҳалласида 2561 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 1312 нафарини 30 ёшгача бўлган ёш ташкил қилади. Институт кўмаги билан маҳалланинг 47 нафар ишсиз ёшидан 33 нафарининг ижтимоий бандлиги таъминланди.
Тадбирда маҳалла ёшларидан бир гуруҳига тикувчилик, сартарошлик ва пайвандлаш асбоб-ускуналари топширилди.


***
Кармана туман ҳокимлигида туман ҳокими Валижон Адизов, тегишли масъул раҳбарлар ҳамда ҳоким ёрдамчилари иштирокида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган, миграциядан қайтган 30 нафар фуқарога субсидия асосида тикув машиналари, гўзаллик салони жиҳозлари, мотокультиваторлар, пишириқ печлари ҳамда музлаткичлар топширилди.

– Тикувчилик соҳасига жуда қизиққанлигим боис маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисига тикув машинаси олиш мақсадида ариза топширган эдим, – дейди Талқоқ маҳалласида яшовчи Маржона Муҳиддинова. – Бугун мутасаддилар томонидан менга субсидия асосида тикув машинаси берилди. Бунинг учун биз каби хотин-қизларни қўллаб-қувватлаётган Президентимизга миннатдорлик билдираман.
Тадбирда берилган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда оилаларга қўшимча даромад топиш бўйича бир қатор тавсиялар берилди.
***
Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиали томонидан Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиникалар, Кармана, Хатирчи, Навбаҳор, Конимех туман тиббиёт бирлашмаси ўрта тиббиёт ходимлари иштирокида “Тиббиёт ходимларининг муомала маданияти ва тўғри мулоқот қоидалари” дастури юзасидан ўқув семинари ташкил этилди.

Унда ҳамширанинг муомала маданияти, одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари, беморлар ва аҳолининг кенг қатлами билан мулоқот қилиш, сўзлашув маданияти ҳақида тушунчалар берилди.


А.Бўриев, ЎзА мухбири