Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Буни Навоий вилоятидаги ўзгаришлар, янгиланишлар, эришилаётган юқори иқтисодий кўрсаткичлар мисолида кўриш мумкин.
Навоий вилоятида сўнгги беш йилда саноат корхоналари сони 1429 тага ошиб 4378 тага етди. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми 102,1 триллион сўмни ташкил этмоқда. Вилоятда кейинги уч йилда ишсизлик даражаси 8,8 фоиздан 1,9 фоизга, камбағаллик 9,2 фоиздан 5,4 фоизга тушган.
Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш борасида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада бугунги кунда вилоятда 27 мингта тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Вилоятнинг барча ҳудудларида замонавий, йирик маҳаллий ва хорижий корхоналар кўпаймоқда. Улар томонидан 600 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилган.
Вилоятда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилиб, экспорт ҳажми йилдан йилга ошмоқда. Жумладан, 2021 йилда вилоят ҳудудидан 153 миллион долларлик экспорт амалга оширилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 238,1 миллион долларни ташкил этмоқда. Эътиборлиси, экспорт қамрови кенгайган, яъни давлатлар сони 28тадан 47 тага етган.
[gallery-20110]
Ахборот технологияларни ривожлантириш, рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш масаласи ҳам долзарб вазифалардан биридир. Ҳозирда 50 нафар IT-Парк резидентлари томонидан 3,1 миллион долларлик IT хизматлари экспорти амалга оширилган. Жорий йилда Навоий шаҳридаги 3 та чорраҳада синов тариқасида сунъий интеллект технологиялари асосида “Ақлли чорраҳа” тизими жорий этилган. 2025 йилда яна 10 та чорраҳани сунъий интеллект технологияларини қўллаган ҳолда бошқариш режалаштирилмоқда. “Ягона тез тиббий ёрдам” ахборот тизимини жорий этиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу аҳолидан бўладиган қўнғироқларни марказлашган ҳолда қабул қилиш ва чақирувларни вилоят бўйича ташкил этилган 95 та тиббий ёрдам бригадаларининг планшетларига бевосита юборишга хизмат қилмоқда.
Вилоятда хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, бозорларга сара қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш ҳам назоратда. Жумладан, янги ер майдонларининг ўзлаштирилиши, деҳқон хўжаликлари учун ер майдони ажратилиши натижасида 59,4 минг нафар аҳоли иш билан таъминланди. Қўшимча 147,6 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилди. Соҳада охирги уч йилда қиймати 1,3 триллион сўм бўлган 406 та лойиҳа амалга оширилди. Мисол учун, Нурота тумани “Fhh gardin flower” МЧЖда қиймати 11 миллиард сўмлик лаванда етиштириш, Навбаҳор тумани “Pure nature oils” МЧЖда қиймати 58 миллиард сўмлик ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, уй-жойга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида вилоятда кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, янги массивлар ташкил этилмоқда. Кейинги уч йилда 8781 та хонадондан иборат 142 та, шундан, 2024 йилда 1862 хонадонли 38 та янги кўп қаватли уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилди. Таъкидлаш ўринлики жорий йилда қарийб 450 гектар майдонда “Янги Навоий шаҳарчаси” қурилиши бошланган. Шаҳарча ҳудудида кўп қаватли уй-жойлар, мактаб ва боғчалар, поликлиника ва маданият объектлари, сайилгоҳ ва автотураргоҳлар қурилмоқда.
Инфратузилмани янада яхшилаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, мавжуд йўлларни таъмирлаш ишлари ҳам доимий эътиборда. Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, охирги уч йилда 1371,8 километр янги ичимлик суви тармоқлари тортилиб, марказлашган ичимлик суви билан қамров даражаси 68,2 фоиздан 85 фоизга етказилган. 2833 километр автомобиль йўллари қурилган. Ички йўлларни яхшилаш мақсадида 1948,3 километр йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилган. 1802,1 километр электр узатиш тармоқлари, 3 дона нимстанция ҳамда 476 дона трансформатор пунктлари янгидан қурилган. Бу 15 мингдан зиёд аҳоли, 3 мингдан ортиқ улгуржи истеъмолчиларнинг энергия таъминотини янада яхшилаган.
Юртимизда таълим тизимини бугунги давр талабларига мувофиқлаштириш, юксак маънавиятли, билимли ёш авлодни тарбиялаш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бугун ҳаттоки, энг чекка қишлоқларда ҳам замон талабларига жавоб берадиган, барча ўқув ва лаборатория жиҳозлари билан жиҳозланган, шаҳарлардагидан қолишмайдиган ўқув масканлари қад ростламоқда. Уларда озод ва обод Ватанимизнинг бахтли фарзандлари таълим-тарбия олмоқда. Ўтган уч йилда вилоятда 8 та мактаб янгидан қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, 92 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда 378 та таълим масканида 187 минг 656 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шунингдек, сўнгги уч йилда вилоятда 304 та янги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилган. Айни пайтда уларнинг сони 1431 тага етган.
Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳадаги субъектлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Навоий вилояти ҳам юқори туризм салоҳияти билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Бугунги кунда вилоятдаги кўплаб зиёратгоҳлардан хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар қадами узилмайди. Айниқса, Нурота чашмаси, Сармишсой бутун дунёга машҳур. Бу ерга доимий сайёҳлар ташриф буюради. Сентобсой, Айдаркўл, Тўдакўл каби дам олиш масканларида ҳам туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2022-2024 йилларда вилоятда 395 миллиард сўмлик 129 та туризм лойиҳаси ишга туширилган бўлса, 340 километр масофада 60 та объектдан иборат 14 та туризм йўналишини ўз ичига олган Навоий “туризм ҳалқаси” ишлаб чиқилди. Нурота туманидаги Сентоб қишлоғи UNWTO (Бутун жаҳон туризм ташкилоти)нинг Самарқанд саммитида “Энг яхши туризм қишлоғи” деб эълон қилинди ва бутунжаҳон туризм қишлоқлари рўйхатига киритилди. “Работи Малик”, “Сардоба”, “Мирсаид Баҳром”, “Қосим Шайх”, “Мавлоно Ориф Дегароний” маданий мерос объектлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси ёдгорликлари рўйхатига киритилди. “Qizilqum safari” ва “Qizilqum kemel travel” МЧЖлар томонидан Айдаркўл бўйида туризм кластери ташкил этилди. Маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда вилоятга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сони 20, маҳаллий сайёҳлар сони 6 баробарга кўпайган.
Бир сўз билан айтганда, Навоий вилояти ҳудудларида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаси йилдан йилга юксалмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарнинг “ўсиш нуқталари”ни белгилаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш орқали аҳоли саломатлиги ҳамда турмуш даражасини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари