Навоий ўқув маркази очилади
Германиянинг “Zeppelin GmbH” концерни таркибидаги “Zeppelin Uzbekistan” компанияси ва Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети билан ҳамкорликда тоғ-кон саноати учун мутахассисларни тайёрлаш мақсадида “Навоий ўқув маркази”ни ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.
Мазкур келишувда халқаро таълим стандартлари асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, ўзаро манфаатли соҳаларда илмий-техникавий ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш, очиқ илмий-техник ахборот ва инновацион технологиялар алмашинуви каби вазифалар белгиланган.

Эндиликда “Caterpillar” ўқув маркази базасида “Caterpillar” ва “Zeppelin” компаниялари вакиллари иштирокида илмий-услубий семинарлар, илмий-амалий конференциялар, вебинарлар, маърузалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.

– Ўзбекистон таълим соҳаси ривожига ҳисса қўшаётганимиздан, тоғ-кон саноатида малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашаётганимиздан мамнунмиз, – дейди “Zeppelin Central Asia Machinery” компанияси Бош директори Михаил Концевенко. – Корпоратив ижтимоий масъулият бўйича лойиҳаларимиз доирасида биз нафақат янги ўқув марказини моддий-техник жиҳозлаш бўйича ёрдам беришга, балки тўпланган тажрибаларимизни тўлиқ ўргатишга ва ўқув жараёнларида фаол иштирок этишга тайёрмиз. Компаниямиз қурилиш, тоғ-кон саноати, нефть-газ, энергетика ва қишлоқ хўжалиги учун техникалар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳамда техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келади. Ўзбекистонда Тошкент, Зармитан, Қарши, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарларида 5 та хизмат кўрсатиш марказлари мавжуд.
Ҳамкорлик доирасида таълим ва технология соҳасида қўшма таълим дастурлари, қўшма илмий ва илмий-техник тадқиқотларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳам белгиланган.
Абдували Бўриев,
ЎзА