Навоий кон металлургия комбинати тарихи музейи муҳташам “Фарҳод” маданият саройининг 2-қаватида жойлашган бўлиб, комбинатнинг 60 йиллик тарихини ўзида мужассамлаштирган.
Юртимиздаги фойдали қазилмаларнинг асосий конлари Марказий Қизилқум минтақасида жойлашган. Бугунги кунда уларни ўзлаштириш, энг янги техника ва технологияларга асосланган замонавий корхоналарни фойдаланишга топшириш ва мамлакатимиз иқтисодий ривожланишида Навоий кон металлургия комбинатининг алоҳида ўрни бор.
Комбинатда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишдан олдин ЎзА жамоаси мазкур кон тарихи ҳақида сўзловчи музейда бўлди.
Музейлар тарихимизни ўрганишга, кечаги ва бугунги ҳаётни таққослаб, жамиятимиз тараққиёти ҳақида тўғри хулоса чиқаришга хизмат қилади. Уларда сақланаётган экспонатлар ва экспозициялар халқимизнинг узоқ ўтмиши, шонли тарихи, аждодларимиз турмуш тарзи ҳақида бизга қатор маълумотларни тақдим этади.
Навоий кон металлургия комбинати тарихи музейи муҳташам “Фарҳод” маданият саройининг 2-қаватида жойлашган бўлиб, комбинатнинг 60 йиллик тарихини ўзида мужассамлаштирган.
Музейда комбинатнинг эгаллаб турган майдони, фаолият кўлами, давлат учун даромадлилик даражаси, ишлаб чиқариш қувватларининг катталиги, маҳсулотлар турлари, банд бўлган ходимлар сони, умуман олганда, барча маълумотлар билан танишиш мумкин.
Навоий кон-металлургия комбинати уран қазиб олиш ва уни тайёр маҳсулот шаклида экспорт қилиш бўйича Ўзбекистондаги ягона корхона ҳисобланади. Комбинат жамоаси 1994 йилда биринчи марта уран қазиб олишнинг ер остида танлаб эритмага ўтказиш усулини қўллаган ва ҳозиргача ушбу усулдан самарали фойдаланиб келмоқда.
Асосий маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан ташқари, комбинатда фосфорит хомашёси, сульфат кислотаси, суюқ шиша, портловчи моддалар, поливинил хлорид материаллари, гранит, мармар, қум, оҳактош, бетон, бетонасфальт каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Шунингдек, комбинат металл кесувчи дастгоҳлар, пайвандлаш электродлари, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқаришдан ташқари, саноат асбоб-ускуналарини таъмирлаш бўйича хизматларни ҳам амалга оширади.
Навоий кон-металлургия комбинатининг Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Самарқанд ва бошқа ҳудудларда турли даражадаги корхоналари мавжуд. Навоий, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод ва Маржонбулоқ шаҳарлари ҳамда Зафаробод ва Заркент қўрғонлари бевосита кончилик саноати ривожланиши натижасида бунёд этилган аҳоли пунктларидир. Улар бир-бирлари билан автомобиль ва темир йўллари орқали боғланган ва республиканинг ягона энерготизимига уланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HGY7eBNuMOw" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Музейнинг иккинчи залидаги экспозициялар комбинат ташкил топиш давридан ҳикоя қилади. Бу ерда тарихни фотосуратларда кўриб билиб олиш мумкин. Музейда Навоий кон-металлургия комбинати тизимидаги саноат корхоналари макетлари ҳам ўрин олган.Шунингдек, комбинатнинг эришган ютуқлари, фаолият олиб бораётган олимлар илмий изланишлари натижалари музей экспонатлари орасидан жой олган. Музей кечаги кун ва бугун тўғрисида тўлиқ маълумот беради.
"Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси эса нафақат Навоий кон-металлургия комбинатида, балки Марказий Осиёдаги маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича энг йирик машинасозлик корхоналаридан биридир.
Бугунги кунда мазкур корхонада 3,6 минг нафардан ортиқ ишчи-муҳандис меҳнат қилади. Улар томонидан “НМЗ” ёрлиғи остида металл ва ёғочга ишлов берувчи дастгоҳлар, йирик автомобиллар учун мураккаб деталлар тайёрланади. Бу ерда ўта юқори аниқликдаги юксак сифатли металл конструкциялар, ускуна ва жиҳозлар ҳамда турли ўлчамдаги эҳтиёт қисмлар ўз ишининг чинакам усталари томонидан ясалмоқда. Корхонада сўнги йилларда аввал хориждан сотиб олинадиган импортнинг ўрнини босадиган маҳсулотларнинг 60 дан ортиқ турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.
2020 йилда инвестиция лойиҳаси доирасида 5-сонли гидрометаллургия заводи учун лойиҳалаштиришнинг замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда завод тарихида илк марта МШР 2,1 х 3 метр шарли тегирмони ишлаб чиқарилди. 2020 йилнинг декабр ойида технология жараёнларининг мураккаблиги билан боғлиқ хатарларга қарамасдан, шунингдек, валюта маблағларини иқтисод қилиш ва янги турдаги маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсадида йирик ўлчамли МШЦ 5,5 х 6,5 метр шарли тегирмон якунига етказилди. Тегирмон Марказий кон бошқармаси 2-сонли гидрометаллургия заводида ишга туширилди. Натижада 2,5 миллион АҚШ доллар маблағ иқтисод қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги "Навоий КМК" давлат корхонасининг 2020-2021 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори асосида 2020 йилда маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш дастурига асосан 316 454,6 миллион сўм миқдорида 101 та лойиҳа амалга оширилди.
Янги технологиялар ривожланиши, гидрометаллургик заводлар ишлаб чиқариш қувватларининг ўсиши, рудани қазиш, ташиш ва қайта ишлаш ҳажмларининг ошиши сабабли 2020 йил мобайнида прогноздан ташқари кўшимча 13 та лойиҳа бўйича импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган.
2017-2026 йилларга мўлжалланган кенг кўламли инвестиция дастурини амалга ошириш ҳисобига НКМК бўлинмаларининг технологик ва кон ускуналари учун эҳтиёт қисмларга бўлган талабининг ортиши муносабати билан маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, Механик йиғиш цехини техник ва технологик қайта жиҳозлаш (I-босқич)» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бирлашмада 2020 йилда Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 91 та лойиҳага мос маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда 109 та лойиҳа бўйича маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Албатта, бугунги кунда комбинат тизимидаги барча корхоналарда улкан яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Уларнинг барчаси юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Барно Мелиқулова,
Абдували Бўриев,
Ёқубжон Мелибоев(видео) ЎзА