Алишер Навоий тилга олинганда ўзбек халқи, шу халқ номи эсланганда эса айнан ана шу улуғ шоирнинг нурли қиёфаси кўз олдимизда гавдаланади.
Шу боис муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 23 сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаганда айнан Навоийнинг тили шу мўътабар минбарда жаранглади.
2020 йилнинг 19 октябрида Президентимизнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги 4865-сонли қарори эълон қилингани “ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, Ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган” буюк шоирга чинакам эҳтиромнинг бир нишонаси бўлди.
Миллий истиқлолимиз шарофати ва кейинги йилларда улуғ ўзбек шоири бой маънавий меросининг асл сарчашмаларидан келиб чиқиб тадқиқ этишга қаратилган эътибор ва имкониятларнинг самараси, аввало, навоийшуносликнинг янги тадқиқотлар билан бойиб боришига катта замин ҳозирлади. Буни 2017 ‒ 2021 йилларда Самарқанд давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03 рақамли Илмий кенгашда ҳимоя қилинган диссертациялар мисолида ҳам кузатиш мумкин. Бу даврда давомида ихтисослашган Илмий кенгашда бевосита Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишланган ёки ўзбек мумтоз адабиётининг муайян бир жиҳатлари тадқиқ этилганда, унинг салмоқли қисмини айнан Навоий ижоди ташкил этган 12 диссертация муваффақиятли ҳимоя қилинди. Булар орасида У. Қобиловнинг “Ўзбек адабиётида нубувват мотиви ва образлари талқини”, Ҳ. Эшонқуловнинг “Алишер Навоий ғазалиётида ишқ поэтикасининг қиёсий-типологик таҳлили”, Н. Бекованинг “Алишер Навоий форсий меросининг жанрий хусусиятлари ва бадиияти” мавзусидаги филология фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертациялар ‒ диққатга сазовор.
У. Қобилов ўз тадқиқотида Навоий ижодида нубувват мотиви ва образлар талқини масаласининг нозик жиҳатларини Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар мисолида ёритган. Ҳ. Эшонқулов ҳам Навоий ғазаллари ирфоний моҳиятини айнан Қуръон, ҳадис, улуғ мутасаввифлар қарашларига таянган ҳолда ҳамсда Ҳофиз Шерозий ғазалиётига қиёсан тадқиқ этади. Н. Бекова диссертацияси эса ‒ улуғ шоир ижодида нисбатан кам ўрганилган “Девони Фоний”нинг поэтик хусусиятларига қаратилгани билан эътиборга лойиқ. Унда Навоийнинг форсий лирикаси “Хазойин ул-маоний”даги ўзбекча шеъриятига қиёсан ўрганилди.
Шу йиллар давомида ихтисослашган Илмий кенгашда О. Давлатов, Р. Жумаев, И. Пардаева, М. Ҳасанова, З. Ғаффорова, Э. Насруллаев, З. Қувонов, Р. Жабборов, Н. Шариповаларнинг филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган ва бевосита навоийшуносликка оид диссертациялари ҳам муваффақиятли ҳимоя қилинди.
О. Давлатовнинг “Алишер Навоий шеъриятида Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг бадиий талқини”, З. Ғаффорованинг “Алишер Навоий ҳамд ва наът ғазалларининг ғоявий-бадиий таҳлили” мавзусидаги диссертацияларида улуғ шоирнинг исломий сарчашмалардан фойдаланишдаги бадиий маҳорати таҳлил этилиб, унинг рамзий моҳияти хусусида сўз юритилади. Масаланинг бундай қўйилиши улуғ шоир дунёқарашига яқинлашишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Р. Жумаев диссертациясида эса “Лисон ут-тайр” достонидаги ҳикоятлар Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи Маънавий” асаридаги тасаввуфий моҳият касб этувчи шундай ҳикоятлар билан қиёсий ўрганилиб, ғоявий-бадиий жиҳатдан муштарак ва тафовутли жиҳатлар таҳлилга тортилади.
Навоийнинг маҳорати, унинг ўзига хос бадиий кашфиётларининг сирини теран ўрганиш навоийшуносликни қизиқтириб келаётган энг муҳим масалаларидан биридир. Ўтмишда бадиий ижод ва тарихнависликнинг уйғун ҳолатда тарихий асарларда намоён бўлгани И. Пардаева диссертациясида Навоийнинг тарихий асарлари мисолида ўрганилади. Н. Шарипованинг диссертациясида “Ҳайрат ул-аброр” поэтикаси тадқиқ этилади.
Навоий девонларининг ҳали ўзи тартиб беришга киришмасдан олдин мухлислари тарафидан китобат қилиниши унинг беқиёс истеъдодига берилган муҳим баҳо эди. Р. Жабборов диссертациясида “Оққуюнли мухлислар девони”нинг шоир лирикаси ва давр маданий муҳитидаги ўрни масаласида сўз юритилади. Э. Насруллаев диссертациясида ХХ аср ўзбек навоийшунослигида улуғ шоир шахси ва дунёқараши талқинлари ўрганилган бўлса, З. Қувонов тадқиқотида таниқли навоийшунос олим, икки марта Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби, Ўзбекистон фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор А. Ҳайитметовнинг навоийшунослик фаолиятига илмий баҳо берилади.
М. Ҳасанова эса XV аср туркий шеъриятда қасида жанрини тадқиқ этаркан, Навоий қаламига мансуб “Ҳилолия” қасидасининг бадиий баркамоллиги хусусида фикр юритади.
Навоий хусусида янги бир сўз айтиш ‒ нақадар масъулиятли. Буни ана шу диссертациялар муҳокамаси ва ҳимояси жараёнларида қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлгандан ҳам ҳис қилиш ‒ мумкин.
Навоийшуносликнинг муҳим жиҳатларини қамраб олган бу тадқиқотлар соҳа тараққиёти учун СамДУ ҳузуридаги Ихтисослашган илмий кенгашнинг салмоқли ҳиссаси бўлди, дейиш мумкин.
Яна бир муҳим нарсани алдоҳида таъкидлаш керак. Янги Ўзбекистонда илм равнақига катта эътибор берилаётгани, шу жумладан, фалсафа доктори илмий даражасининг янгидан жорий этилгани мамлакатда диссертациялар ёқланадиган Ихтисослашган илмий кенгашлар фаолиятининг кескин тарзда жонланиб кетишига олиб келди.
Навоийшуносликнинг ҳозиргача бўлган бутун тарихида соҳа бўйича ёқланган диссертациялар умумий сони 150 тага ҳам бормайди. Аммо биргина СамДУ ҳузуридаги Ихтисослашган илмий кенгашда навоийшуносликка оид 12 та диссертация ҳимоя қилингани амалда мамлакатимизда илмий соҳа ривожига берилаётган ана шу юксак эътиборнинг қувонарли меваси ҳисобланади.
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,
филология фанлари доктори, СамДУ профессори.