Навоий ҳақида янги роман
Таниқли ёзувчи Исажон Султон ҳазрат Алишер Навоий ҳақида янги роман ёзди. Адибнинг ушбу асари Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси «Ижод» жамоат фонди томонидан нашр этилди.
Бир қараганда Алишер Навоий ҳақида хўп ва кўп ёзилгандек. Аслида ҳам шундай. Китобга чиройли сўнгсўз ёзган севимли адибимиз Хайриддин Султон ҳам асар мутолаасидан олдин ана шундай турли шубҳа-гумонларга борганлиги, Ойбек домланинг машҳур «Навоий» романи, Миркарим Осим, Воҳид Зоҳидов, Иззат Султон, Азиз Қаюмов, Суюма Ғаниеваларнинг бу борада қилган ишлари, асарлари кўз ўнгидан бир-бир ўтганини айтади ва мутолаа жараёнида бу шубҳалар тумандек тарқаб кетганини ҳам қайд этади.
Мен Алишер Навоий бобокалонимиз ҳақида асар битган бу улуғ сўз усталари сафига раҳматли камтар ва камсуқум адибимиз Омон Мухторни ҳам қўшгим келди. Омон Мухтор Навоий ҳақида уч мустақил романдан иборат»трилогия» ёзган эди. Ушбу «трилогия»нинг биринчи китоби бўлмиш «Ишқ аҳли» романига сўзбоши ёзган атоқли адабиётшунос Матёқуб Қўшжонов Омон Мухторнинг «Навоийси»га катта баҳо берган эди.
Табиийки, Исажон Султондек синчков адиб Навоий ҳақидаги барча илмий, бадиий асарларни обдон ўрганган ва ўз тасаввуридаги буюк шоир образини ярата олган. Бундан биринчилардан бўлиб бохабар бўлган атоқли адиб Хайриддин Султон сўнгсўз охирида “...ушбу фаромуш фикрларимдан муддао Сизни (Исажон Султонни) мана шундай бадиий етук, муҳташам роман, таъбир жоиз бўлса, гўзал бадиий обида билан муборак этмоқ эди», деб ёзади.
Дарҳақиқат, Алишер Навоийдек даҳо зот ҳақида ёзиш учун ҳар қандай ижодкорга хоҳиш, истак, илҳомдан ташқари бу улуғ зотни яхши билиш ҳам муҳимдирки, бусиз ҳар қандай Алишер Навоий ҳақидаги асар кемтик бўлиб қолгусидир.
Исажон Султоннинг буюк бобомиз ҳақида 500 саҳифалик салмоқли роман ёзиб ўқувчиларига туҳфа этишининг ўзи катта бир байрам. Бугун Она тилимизга, уни ҳеч бир тильдан кам бўлмаган шеър тилига айлантирган зот – Алишер Навоийга бўлган ҳурмат, эътибор ўзгача. Ана шундай муҳим бир палла ўзбек китобхони Исажон Султоннинг Алишер Навоий ҳақидаги янги романини завқ билан қўлга олиши, синчиклаб ўқиши, уқиши ва баҳо бериши турган гап.
Ишончимиз комилки, адиб яратган Навоий образи бу Сиз ҳурматли ўқувчи учун ҳам азиз ва қадрли бўлиб қолади.
Алишер НАРЗУЛЛО, ЎзА