Навоий Афғонистонга қайтди
Илм-маърифат ва тафаккур осмонида бир қуёш бўлиб порлаган Алишер Навоий бутун дунё илми, адабиётининг равнақи ва инсоният тамаддунига ўзининг бебаҳо маънавий-илмий ҳиссасини қўшган зотдир.
Унинг ҳар бир мисраси сўз санъатининг гўзал намунаси, тафаккур маёғи бўлиб комил инсонни тарбиялашда дастурамалдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан юртимизда бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Мана шу эзгу ишларга ҳамнафаслик қўшнимиз афғонистонлик зиёлилар, навоийшуносларда ҳам намоён бўлмоқда.
2021 йил 25 январда Афғонистон Республикаси Президенти Ашраф Ғанининг Амир Алишер Навоий таваллудини кенг, халқаро миқёсда нишонлаш тўғрисида қарори қабул қилинди.
2021 йилнинг 7-9 апрель кунлари Ҳиротда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Навоий тафаккурларини ўрганиш” мавзуида йирик илмий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистондан бир гуруҳ зиёлилар, навоийшунос олимлар қатнашди.
Семинарнинг очилиш маросимида икки мингдан ортиқ одам иштирок этди. Дастлаб Алишер Навоий ва азизларимиз руҳига Қуръон тиловат қилинди.
Тадбирни Афғонистон Республикаси Президенти Девонининг бошлиғи жаноб Шокир Коригар очди. Кейин Афғонистон Президенти Ашраф Ғани жанобларининг видео табрик сўзлари кўрсатилди. Афғонистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон масалалари бўйича маслаҳатчиси Исматулла Эргашев сўзга чиқиб, ҳаммани Алишер Навоийнинг 580 йиллик юбилей байрами билан табриклади ва анжуман ишига оқ йўл тилаб, Ўзбекистон ва Афғонистоннинг яқин қўшничилик муносабатлари ва олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий фаолиятлар, олдиндаги режалаштирилаётган ислоҳатлар ҳақида гапирди.
Афғонистон ахборот ва маданият вазири жаноб Таҳир Заҳир, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов, Ҳирот вилоят ҳокими жаноб Саид Воҳид Қаталий, Озарбайжон давлат Фанлар академияси профессори, навоийшунос олима Алмаз Улви Биннатовалар сўзга чиқиб, Алишер Навоий даҳосининг нечоғлик буюклиги, ул зот қолдирган маънавий мерос ва уни ўрганишнинг аҳамияти, бугунги кунда навоийшунослик соҳасида амалга оширилажак ишлар, навоийшунослик ва ҳозирги замон кун тартибидаги масалалар тўғрисида сўзладилар.

Ўзбекистон ва афғонистонлик санъаткорлар ва Ҳиротдаги мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган қўшиқлар янгради.
Анжуман қатнашчилари ҳазрат Алишер Навоий қабрини зиёрат қилишди.
Ҳаммамиз ҳаяжонда эдик. Ўзбекистонлик қанча олим, устозларимиз “Навоий қабрини зиёрат қилсам эди”, дея армон билан ўтиб кетишди...
Биз тилимизда шукрона оятларини такрорлаб, Аллоҳга ҳамду санолар ўқиб, Навоий зиёратига бордик.
Биз хаёл осмонида, тафаккур уммонида сархуш кезардик. Мен ўзим кўзларимга ишонмас, шукронадан тўхтамас эдим. Устозлар академик Азиз Қаюмов, Ўзбекистон Қаҳрамони Суюма Ғаниевалар ўн беш йиллар илгари “Ўлмасбек, сиз борасиз Навоий зиёратига” деб дуо қилганди, ўша дуолари мустажоб бўлиб, мен Навоий ҳазратлари зиёратига етганим, тушда юргандек эдим...
Афғонистонга биз билан Навоий ҳазратларининг руҳи қайтгандек бўлди. Еру кўкда сокинлик ва осойишталик ҳукмрон эди.

Бир куни Азиз Қаюмов домла “Мақсуд Шайхзода билан гаплашганмиз, Афғонистон 1940 йиллари Навоийнинг беш юз йиллигига жиддий қарамади, шунинг учун ҳам у ерда ХХ асрда кўп толатўплар бўлди. Бу тарихий ҳақиқат. Ўзбекистонда ҳам Навоийнинг 500 йиллиги 3 марта қолдирилиб, кейин нишонланди”, деган эди.
Мен бежизга Алишер Навоий маънавий жиҳатдан Афғонистонга, Ҳиротга қайтди, дея ёзмадим. Назаримда, энди иншоолло, Афғонистон ерларида фаровон турмуш барқарор бўлади.
Чунки, Навоийнинг 580 йиллиги Ҳиротда улуғвор тарзда, халқаро миқёсда нишонланди. Унга туркий республикалардан вакиллар қатнашди.
Дастурхон устида ҳам биз Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондаги навоийшунослик ва бугунги кунда у ўлкаларда Темурийлар даврига, бугунги илм-фан аҳли орасидаги муносабатларнинг ижобий тамонга ўзгараётганлиги ҳақида фикрлашдик.
Шундан кейин Ўзбекистон делегациясининг бир қисми Ўзбекистонга қайтиб кетишди. Меҳмонхонага бориб навбатдаги тадбирга отландик.
Тарихий, маҳобатли Ихтиёриддин қалъасида меҳмонлар иштирокида тадбир бошланди.
У ерда ҳам маърузалар, шеърий мушоира ва куй-қўшиқлар янгради. Афғонистонлик санъаткорлар томонидан ўзбек, форс, дарий, пушту тилларида қўшиқлар ижро этилди. Назаримда, Ҳирот ҳаммамизнинг онадек меҳрибон шаҳримизга айланган, бизни Навоий ҳазратлари ўзи меҳмон қилаётгандек, шуаро мажлисиға ўзи бош бўлаётгандек эди.
Кўзларимиздан қувонч сели аримасди. Тадбир овози Хиротнинг мунаввар осмони ойу юлдузларигача етгандек эди.
Фақат бир нарса оний фурсатларда хотиримизни жам қилди. У теварак- атрофдаги масжидларда баралла янграган ҳуфтон номозига чақирилган азон товуши эди. Ҳаммамиз жим қолдик, тиловати фотиҳа қилиб, яна давом этган тадбирлар она алласидеек жон руҳимизга ором- осойиш берди.
Меҳмонхонада ҳам китоб тақдимотларимиз давом этди. Хусусан, илмий анжуман муносабати билан чиқарилган мақолалар тўплами, Олим Кўҳкан нашрга тайёрлаган “Ўлмас сўзлар” (Ўзбек мақоллари тўплами, дарий ва пушту тилларидаги таржималари билан) китоблари тўғрисида фикрлашдик.
Анжуманнинг иккинчи иш кунини профессор Азизуллоҳ Аррал олиб борди.
Турли давлатлар вакиллари томонидан ўқилган илмий маърузалар юзасидан Ҳирот давлат университети ректори жаноб Абдуллоҳ Файиз илмий-таҳлилий хулосаларини айтиб, анжуман иштирокчиларига, фаолларга миннатдорчилигини билдирди.
“Алишер Навоий тафаккурларини ўрганиш” халқаро илмий анжумани қарор қабул қилди.Қарорда Навоий номини абадийлаштириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Анжуманнинг учинчи кунида меҳмонлар Ҳиротдаги қўл меҳнати асарлари кўргазмасига борди. Яна ҳазрат Навоий ва Гавҳаршодбегим мақбарасини зиёрат қилдик. Чунки Ҳиротдаги конференцияга кечикиб келган меҳмонлар ҳам бор эди.
Яна Навоий бобомиз билан руҳан суҳбат қургандек, қадрдон ерларимизни топгандек бўлдик. Бир он бўлсада, боболаримиз қадрияти билан, улар яшаган кунлар билан тўқнашдик, тиллашдик, ҳузур ва осойиш, қалб хотиржамлигини ҳис этдик.
Биз Кобулда бир кеча тунаб, Ўзбекистонга учдик.
Ҳаётимизнинг мунаввар лаҳзалари, ижодкорлар, олимлар, сўзни қадрловчи, адабиётга муҳаббати баланд, китобсевар зотлар даврасида кечди. Ёруғ фурсатлар, ширин дийдорлар, бир умрга татигулик олий хотиралар қолди.Ўзимни Алишер Навоий бобомнинг кўксига бош қўйиб қайтгандек, у киши пешонамдан ўпиб менга, мангу адабиётга оқ йўл тилагандек, дуо бергандек ҳис этдим.
Ўлмасбек Хўжаев,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси,
шоир-журналист.
Тошкент – Афғонистон – Тошкент.