Навоий – адолат қуёши
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Адолат қуёши” деб номланган тадбир ўтказилди.
“Илгимдан келгунича зулм тиғин ушотиб, мазлум жароҳатиға интиқом малҳамин қўйдим” деган мутафаккир бобокалонимиз ўз асарларида ҳар қандай сиёсатнинг мезони адолатга асослансагина мамлакат пойдевори мустаҳкам бўлиши, ёмонлар жазоланиб, мазлумларга шафқат қилинса, бу бошқаларга ибрат бўлишини кўп бор таъкидлаган.


Сўзга чиққанлар Алишер Навоий буюк давлат арбоби сифатида халқпарварлик, адолатпарварлик, тинчликпарварлик ғояларини асарларида кенг тарғиб этиб, сиёсатдаги ҳалол, пок, виждонли ҳукумат вакиллари, обрў-эътиборли уламоларни кўкларга кўтарганини қайта-қайта эътироф этишди. Буюк шоир асарларидаги давлатчилик асослари, тараққиёт сари юз тутган жамият муаммолари, инсон ҳуқуқи масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилгани алоҳида таъкидланди.
Ҳа, инсон бахт-саодати, қонун устуворлиги Навоий фаолиятида муҳим ўрин тутгани, шубҳасиз.


Тошкент шаҳар ИИББ Кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Муҳаббат Аҳмедова шундай деди:
– Бугун гувоҳи бўлаяпмизки, Алишер Навоийнинг инсонийлик, борлиққа оид кўплаб фикрларига Европа олимлари ҳам тан бераяпти. Навоий асарларини ўз тилида таржима орқали ўқиган дунё халқлари бугун ҳаяжон ва ҳайратларини яшира олишмаяпти. Ҳеч бир соҳа йўқки, улуғ шоир қаламга олмаган бўлсин. Бугун янада теран тушунаяпмизки, биз катталардан тортиб фарзандларимиз ҳам, Навоийни кўп ва хўп ўқишимиз шарт ва зарур экан.

Тадбирда Навоий асарларидан шеърий парчалар ўқилди, саҳна кўринишлари ижро этилди.
Янграган куй ва қўшиқлар Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг нафақат жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, балки маънавий ва маърифий соҳада ҳам изланувчан ва фаол эканлигини намоён қилди.
ЎзА