“Навоий – 2030”: ислоҳотлар самараси ва янги тараққиёт босқичи
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдаги 34-сессияси бўлиб ўтди.
Унда “Навоий – 2030” ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияси, шунингдек, 2026 йилнинг 1-ярим йиллигида вилоятдаги криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларни барвақт олдини олиш, унинг омилларини бартараф этиш, вилоят ҳудудида қонунчиликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда “Конимех туманини коррупциядан холи ҳудудга айлантириш, аҳоли орасида унга қарши курашиш ва муросасиз муҳитни яратиш бўйича чора-тадбирлар” дастурида белгиланган вазифалар ижроси кўриб чиқилди.

Сессияда биринчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг ўринбосари Тоҳиржон Сафаров сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, “Навоий – 2030” стратегияси “Ўзбекистон – 2030” умуммиллий тараққиёт стратегиясининг узвий давоми бўлиб, Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. “Навоий – 2030” стратегияси нафақат вилоят тараққиётининг янги босқичини белгилайди, балки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳудудий даражадаги амалий ифодаси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
2025 йил якунларига кўра, Навоий вилояти ялпи ҳудудий маҳсулоти 13,4 миллиард долларга, аҳоли жон бошига эса 12 минг долларга етган. Иқтисодий ўсиш суръати эса 7-8 фоиз даражасида сақланмоқда.

Стратегияга мувофиқ, 2030 йилга қадар ялпи ҳудудий маҳсулот 25,8 миллиард долларга етказилади. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,5, хизматлар соҳаси 2,2, қурилиш ишлари эса 1,6 баравар оширилади. Бу вазифалар металлургия, кимё, машинасозлик, қурилиш материаллари, логистика, рақамли хизматлар ва туризм соҳаларини ривожлантириш орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, инфляцияни 5 фоиз даражасида ушлаб туриш мақсад қилиб белгиланган.
Экспортни ривожлантириш ҳам стратегиянинг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2030 йилга бориб экспорт ҳажмини 2,3 миллиард долларга, экспорт географиясини 80 та давлатга етказиш, экспортёр корхоналар сонини 225 тага ошириш режалаштирилган. Экспорт таркибида хомашё улушини қисқартириб, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар – машинасозлик, кимё, қурилиш материаллари, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва туризм хизматлари ҳиссасини ошириш назарда тутилган. Экспорт маҳсулотлари турини 400 тага етказиш маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Экологик барқарорлик масаласи ҳам стратегиянинг ажралмас қисмига айланган. Қайта тикланувчи энергия қувватларини 1800 мегаваттга етказиш, сув йўқотишларини 35 фоиздан 20 фоизгача қисқартириш, ўрмонзорлар майдонини 65 минг гектарга кенгайтириш, 70,5 миллион туп дарахт экиш, атмосферага чиқарилаётган зарарли моддаларни ҳар йили қисқартириш ҳамда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 40 фоизга етказиш белгиланган.
Стратегиянинг яна бир муҳим янгилиги ҳар бир туман учун “ҳудудий паспорт” ишлаб чиқилиши ва барча лойиҳаларни рақамли платформалар орқали “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифалар бўйича мониторинг қилиш тизими жорий этилишидир. Шунингдек, 2028 йилда оралиқ, 2031 йилда эса якуний баҳолаш ўтказилиши ва натижалар жамоатчиликка эълон қилиниши белгилаб қўйилган.

Сессияда вилоят прокурори Абдуқаҳҳор Муллажоновнинг 2026 йилнинг 1-ярим йиллигида вилоятдаги криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларни барвақт олдини олиш, унинг омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахбороти тингланди. Унда давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари ижроси доирасида амалга оширилган ишлар натижалари таҳлил қилинди.
Ҳисобот даврида маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича янги манзилли тизим жорий этилиши натижасида 193 та маҳаллада жиноят содир этилмаган. Аввал “қизил” тоифага киритилган 39 та маҳалланинг 19 тасида криминоген вазият яхшиланган, 23 та маҳаллада эса умуман жиноят қайд этилмаган. Бу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик ёндашув ўз самарасини бераётганини кўрсатади.

Сессияда вилоят ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев ҳам иштирок этиб, вилоят ҳудудида қонунчиликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар, шунингдек, вилоят ИИБ ва унинг қуйи тузилмаларида коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида маъруза қилди.
Бундан ташқари ”Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги давомида фош этилган жиноятлар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тарғиботларнинг таҳлилий натижалари бўйича ҳисобот берилиб, кибержиноятларга қарши курашиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим ишлар режаси билан таништирилди.
Сессияда Конимех тумани ҳокими ўринбосари Медғат Тулегенов сўзга чиқиб, туманни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш, аҳоли орасида унга қарши курашиш ва муросасиз муҳитни яратиш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳақида тўхталиб ўтди.

Сессия давомида депутатлар сўзга чиқиб, кўрилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири