Навбаҳорда банан етиштирилмоқда
Навоий вилояти Навбаҳор тумани “Навкар” маҳалласининг драйвер йўналиши хизмат кўрсатиш, чорвачилик ва асаларичилик ҳисобланади. Маҳаллада 1033 оилада 3013 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда.
Фарҳод Очилов мазкур маҳаллада “серқирра тадбиркор” номи билан машҳур. Тўрт фаслда ҳам тиним билмайдиган тадбиркор кичик томорқасида банан кўчатларини етиштирмоқда.
Даставвал икки сотихдан иборат томорқасига Хитой, Ҳиндистон давлатларидан келтирилган цитрус меваларнинг кўчат, уруғларини экиб, парваришлади. Айни пайтда биргина бананнинг 4-5 хил нави ҳосил бермоқда. Банан кўчатларини ерга қадагандан сўнг 14-15 ойдан кейин секин-аста мевалари етила бошлайди. Баҳор, ёз ойларида ҳаво ҳароратининг иссиқ эканлигини инобатга олиб, ҳосил мўл ва баракали бўлади. Битта банан дарахти 23-24 килогача, донага ҳисобласа 300-350 тагача мева бериши мумкин. Маҳсулотнинг харидорлиги ҳисобга олинса, унинг савдосидан келаётган даромад ҳам мақтагулик даражада.

– Дарахтларнинг табиат ва инсон ҳаётида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини барчамиз яхши биламиз, – дейди Фарҳод Очилов. – Хусусан, яшил олам ҳудуд атмосферасини 2-8 даражага салқинроқ қилади. Битта дарахт тупроқда йилига 15 минг литргача сувни сақлайди. Шу сабабдан келгусида ер олиб, дарахт кўчатларини кўпайтириш ниятидаман. Бугун тадбиркорлик фаолиятимга қизиқувчилар сони ортаётганидан хурсандман. Хоразм, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро вилоятларидан банан етиштиришга қизиқадиган тадбиркорлар келиб, унинг сир-асрорларини ўрганиб кетмоқда.

Халқимизда “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик”, деган ибратли нақл бор. Дарҳақиқат, ҳалол ризқ билан пешона тери эвазига топилган ноннинг ширинлиги рост. Фарҳод Очилов турмуш ўртоғи билан 3 нафар фарзанди келажаги йўлида тиним билмайди. Хонадонига киришингиз билан кўзингиз қувнаб, кайфиятингиз кўтарилади. Йўлаклар узра экилган турли хилдаги рангли гуллар, араб аноридан тортиб, сон-саноқсиз узумлар, папая, мандарин, тувакларда ям-яшил бўлиб ривож топаётган пакана банан хиллари қалбингизга ҳузур бағишлайди.
Айни пайтда Фарҳод Очилов оиласи билан иккинчи иссиқхонани ташкил этиш тараддудида меҳнат қилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА