“Навбаҳор” – “Насаф”: кучли рақиблар баҳси
Ўзбекистон миллий чемпионатининг доимий иштирокчиларидан бири – “Навбаҳор” жамоаси 2022 йилги мамлакат суперлигаси 1-тур учрашувида Қаршининг “Насаф” клуби билан куч синашди.
Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда кечган ўйинни томоша қилиш учун 20 мингга яқин мухлис жам бўлди. Қолаверса, мазкур баҳсни Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец бошчилигидаги миллий терма жамоа мураббийлар штаби аъзолари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси вакиллари ҳам кузатиб борди.
Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкат Абдураззоқов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг ўринбосари Одил Аҳмедов сўзга чиқиб, барчани янги футбол мавсуми билан табриклаб, эзгу тилакларини йўллади. Давлатимиз мадҳияси янграб, Наманганда XXXI-мамлакат миллий чемпионатининг суперлига баҳсига старт берилди.
Майдон эгалари билан бирга қаршилик футболчилар ҳам “Навбаҳор” дарвозаси олдида кутилмаган “ҳамла”лар қилиб турди.
Учрашувнинг 2-бўлимига келиб, майдонда шиддат ва жанговорлик сусайгандек бўлди.
Шу тариқа, учрашувда ҳисоб очилмади ва томонлар нурсиз дуранг натижага (0:0) имзо чекди.
Сўнг матбуот анжумани ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси суперлиганинг 2-турини 10 март куни Термиз шаҳрида маҳаллий “Сурхон” клубига қарши ўтказади.
[gallery-5986]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА