“Навбаҳор” кичик ҳисобда зафар қучди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-турининг навбатдаги кунида “Навбаҳор” ва “Қизилқум” жамоалари ўзаро рақобатлашди.
Намангандаги “Марказий” стадионида ўтган ушбу учрашувда мезбонлар 1:0 ҳисобида зафар қучди. “Навбаҳор” клубига ғалаба келтирган голга 69-дақиқада Педро Аугусто муаллифлик қилди. Дарвоқе, Педро мазкур баҳснинг 68-дақиқасида майдонга тушган эди. Шу тариқа “Навбаҳор” очколарини 36 тага етказиб олди. “Қизилқум” эса 26 очко билан қолди.
Бугун, 28 сентябрь куни Қўқон шаҳридаги “Марказий” стадионда “Қўқон-1912” ва “Бунёдкор” клублари 23-тур доирасида ўйин ўтказади. Айни дамда мезбонлар 22 очко билан 13-ўринда бораётган бўлса, пойтахт клуби 38 очко тўплаган ҳолда лиганинг 5-поғонасидан жой олган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА