Футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг ярим финалида Олмалиқ шаҳрининг “ОКМК” ва Наманганнинг “Навбаҳор” жамоалари финал йўлланмаси учун баҳс олиб борди.
Учрашувнинг 10-дақиқасида “Лочинлар” стандарт вазиятдан ҳисобни очди. Жамшид Искандаров жарима зарбасидан рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди. Рақиб жамоаси бунга жавобан тезкорлик билан 14-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. 28-дақиқада эса “Навбаҳор” посбони Ўткир Юсупов билан яккама-якка вазиятга чиққан Мартин Боаке тўпни дарвозабоннинг устидан ошириб, гол урди. 70-дақиқада эса наманганлик футболчиларнинг ҳужумини бартараф этиш чоғида мезбонлар ҳимоячиси Акром Комилов тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди. Қолган дақиқаларда дарвозалар ишғол этилмагач, бош ҳакам жамоаларни “экстра-таймлар”га чорлади.
Қўшимча дақиқаларда томонлар майдонда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилгани учун дарвозалар дахлсизлиги сақланди. Натижада ғолиб номи “пенальтилар серияси”да аниқланди. Пенальтилар сериясида “Навбаҳор” устидан 6:5 ҳисобида ғалаба қозонган “ОКМК” клуби футболимиз тарихида тўртинчи бор Ўзбекистон кубоги финалига йўлланма олди.
Энди финал учрашувида Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш учун “ОКМК” ва “Насаф” жамоалари ўзаро куч синашади.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА.