НАТО яна бир ҳарбий машқ бошлади
Бугун НАТОнинг ядровий тийиб туриш бўйича йиллик “Steadfast Noon” машғулоти бошланди. АсосанШимолий денгиз ҳудудида ўтказиладиган мазкур амалиёт икки ҳафта давом этади. Машқда 14 аъзо давлатдан 2 000 га яқин ҳарбий хизматчи ҳамда 71 самолёт иштирок этади.
АҚШ тадбирга ҳам анъанавий, ҳам ядровий қуролга мослаша оладиган тўртта F-35 қирувчи самолёти ажратган. Германия эса машғулот майдонига уч “Tornado” бомбардимончиси ҳамда тўрт “Eurofighter Typhoon” кўп мақсадли қирувчи учоғи билан келган.
НАТО Бош котиби Марк Рютте таъкидлашича, машқ ҳар йили режа асосида ўтказиладиган тайёргарлик жараёнининг бир қисми ҳисобланади.
– Бу одатий, йиллик машғулотдан кўзланган асосий мақсад – ядровий тийиб туриш тизимининг ишончли, хавфсиз ва самарадорлигини текшириш, – деди у. – Шу билан бирга тадбир НАТО ўз аъзоларини ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қилишга қодир эканини аниқ кўрсатиб беради.
Таҳлилчилар фикрига кўра, Альянс шу орқали Москвага зарурат туғилганда ядровий қурол ёрдамида ўзини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирмоқчи.
Нидерландиядаги Волкел авиация базаси самолётлар учун асосий қўналға сифатида танланган. Шунингдек, Буюк Британиядаги Лейкенхит ва Бельгиядаги Кляйне-Брогель мажмуаларида ёрдамчи бўлинмалар жойлашган. Ядровий амалиётни қўллаб-қувватловчи салмоқли таркиб эса Даниядаги Скридструп авиакрилида фаолият юритади.
Ўқув машқи тафсилоти махфий сақланмоқда. Мутахассислар фикрича, бу гал ядровий қуролни ер ости омборидан самолётга хавфсиз кўчириш ва ўрнатиш жараёни синовдан ўтказилади. Бундай вазиятда, одатда, ядровий зарядсиз ўқув бомбаларидан фойдаланилади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА