НАТО Украина бўйича махсус вакил тайинлади
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг британиялик Патрик Тернерни Украина бўйича махсус вакил этиб тайинланганини эълон қилди. Тернер сентябрдан тузилманинг Украинадаги ваколатхонасини бошқаради.
– Тернер Украина ҳукумати билан ҳамкорликни мувофиқлаштиради, дейилган Альянс матбуот хизмати хабарида. – Шунингдек, мамлакатдаги вазиятни баҳолаб, зарур маслаҳат беради.
10 июль куни Вашингтон саммитида Столтенбергнинг Украинада махсус вакил лавозимини таъсис этиш тўғрисидаги қарори барча иттифоқчилар томонидан қўллаб-қувватланган эди.
Патрик Тернер Бош котибнинг амалиёт, мудофаа сиёсати ва режалаштириш бўйича ёрдамчиси эди. У Буюк Британияда бир қатор юқори давлат хизмати лавозимларида ҳам фаолият юритган.
– НАТОнинг Украинадаги вакили лавозимига тайинланиш мен учун катта шараф, – деди Тернер. – Украина ҳукумати, альянс аъзолари ва ҳамкорлар билан яқиндан ишлашни сабрсизлик билан кутяпман.
Б.Худойбердиев,
ЎзА