НАТО Бош котиби Марк Рютте бир неча марта таъкидлаганидек, Россиянинг йиллик ўқ-дори ишлаб чиқариш қуввати тузилманикидан тўрт баробар юқори бўлиб қолмоқда.
Ўтган ой Лондонда у шундай деганди:
– Ғарб иттифоқи ўқ-дори ишлаб чиқариш бўйича Москвадан анча ортда қолмоқда. Россия уч ойда ишлаб чиқарадиган маҳсулот миқдорини тўплаш учун Шимолий Атлантика альянси бир йил сарфлайди. Путиннинг уруш машинаси секинлашмайди, балки тезлашади.
Рютте бу гапни омма олдида айтган.
Шу билан бирга у қуйидаги қиёсни ҳам келтирган:
– НАТО иқтисодиёти Россияникидан 25 баробар кучли.
Бу даъвода асос борми? Мавжуд маълумотга таянадиган бўлсак, 2024 йил Россия ҳақиқатан кўпроқ ўқ-дори ишлаб чиқарган бўлиши мумкин. РФнинг ҳарбий ишлаб чиқариш қуввати ҳақидаги маълумот махфий. Экспертлар баҳони расмий ҳисобот, разведка маълумоти ва тарихий трендга таянадиган таҳлиллар орқали бермоқда. Аниғи шуки, ҳарбий амалиёт бошлангач, Москва ўқ-дори тайёрлашни сезиларли даражада оширди. Эстония ташқи разведка хизмати ҳисоб-китобига кўра, Россия 2022 йил 400 000 артиллерия снаряди ишлаб чиқарган ёки таъмирлаган, 2024 йил бу рақам 4,5 миллионга етган – яъни 11 баробар ошган. Консалтинг компаниялари таҳлили ҳам шу натижани кўрсатади.
Россия асосан 122 мм ва 152 мм калибрли снаряд ишлаб чиқаради. НАТОнинг бу борадаги стандарти – 155 мм.
Россия товари НАТОнинг 4000 долларлик снарядига нисбатан анча арзон – тахминан 1000 долларга тушади.
Қолаверса, Москва иттифоқчилари орқали ҳам ўқ-дори захирасини бойитмоқда. Жанубий Корея разведкасига кўра, Шимолий Корея Россияга 12 миллион снаряд етказиб берган. Бу рақам мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган эса-да, “The Wall Street Journal” таҳлилида КХДР ишлаб чиқариш қувватини оширгани, РФга юбораётган аслаҳаси миқдорини оширгани келтирилади.
Германия халқаро ва хавфсизлик ишлари институти маълумотига кўра, 2024 йил Европа ва АҚШ биргаликда 1,2 миллион снаряд тайёрлаган. Россияникидан тўрт баробар кам бу рақам ҳам НАТО Бош котиби баёнотига мос.
Бошқа иттифоқчилар – Норвегия, Буюк Британия ва Канада етказиб бериш салоҳиятини оширмоқда. Афсуски, кўп давлатлар сўзининг устидан чиқишга қийналяпти. Масалан, ЕИ Украинага бир миллион снаряд жўнатиш ваъдасини муддатида бажара олмади. Шундан кейин Чехия халқаро маблағ йиғиш ташаббуси орқали 16 давлатни жалб этиб, Киевга 2 миллионга яқин ўқ-дори юборди. Ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири дастур молиялаштирилиши 2026 йилгача кафолатлангани, фақат ҳужжат келажаги октябрда бўлиб ўтадиган сайловга боғлиқлигини таъкидлаган.
Бундан ташқари Ғарб захиранинг қанчасини Украинага юбориши ҳам аниқ эмас. Киев маълум қилишича, фронтда Россия ҳужумига қарши туриш учун ҳар ой камида 200 000 снаряд керак бўлади.
Президент Владимир Зеленский маълум қилишича Украина 2025 йил давомида иттифоқчилардан тахминан 3 миллион ўқ-дори олишга умид қилмоқда.
Бинобарин, Ғарб давлатлари ҳамон ишлаб чиқариш саноатини тўлиқ ишга тушира олмаган. Энг асосий муаммолардан бири – портловчи моддалар етишмаслиги. Масалан, Польшада фақат битта завод тротил ишлаб чиқарар экан.
Демак, хулоса қилиш мумкинки, Ғарбнинг иқтисодий салоҳияти юқори бўлса-да, амалдаги ишлаб чиқариш ҳажми Россияга ета олмаяпти.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/a3A5dKrNSzI?si=C8qbAFH_ykhxg4Na" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА