Бош котиб Марк Рютте 14-15 май кунлари Анталияда бўлиб ўтадиган НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари норасмий учрашувида иштирок этиш учун Туркияга боради. Бу ҳақда Альянс ахборот хизмати хабар берди.
Мазкур тадбир 24-26 июнь кунлари Нидерландиянинг Гаага шаҳрида бўлиб ўтадиган саммит олдидан сўнгги йиғилиш ҳисобланади. Айни пайт кўплаб Европа давлатлари мудофаа тизимини кучайтирмоқда. Хусусан, 22 мамлакат ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизини мудофаага сарфлаш мақсадига эришди. Шимолий Атлантика уюшмаси раҳбари дунёдаги энг йирик ҳарбий тузилмага аъзо 32 давлатни мудофаа соҳасига кўпроқ маблағ ажратиб, ҳарбий ускуна ва сиёсий қудратни мустаҳкамлашга чақирди. Зеро, АҚШ аста-секин кўҳна қитъа хавфсизлигидаги етакчилик мақомидан воз кечяпти.
Дарвоқе, НАТО Бош котиби апрель ойида расмий ташриф билан Япония ва АҚШда бўлган эди.
Б.Худойбердиев, ЎзА