Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Натижага йўналтирилган дипломатия – Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўли

Бугун жаҳонда кечаётган геосиёсий жараёнлар, манфаатлар тўқнашуви ва глобал рақобат шароитида ташқи сиёсат ҳар бир давлат учун ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда ташқи сиёсат фақат дипломатик мулоқотлар билан чекланмай, мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти, хавфсизлиги ва халқаро майдондаги нуфузини белгилаб берувчи муҳим омилга айланмоқда.

Ана шундай мураккаб шароитда Янги Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат юритаётгани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. 

Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилиши эса мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва устувор вазифаларни яна бир бор кун тартибига чиқарди. 

ЎзА мухбири Президентимизнинг мазкур йиғинда илгари сурган таклиф ва ташаббуслари хусусида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Халқаро ишлар ва ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари қўмитаси раиси Дилмурод Дилмуродов фикрларига қизиқди.

– Бугун дунёда рўй бераётган воқеликлар шуни кўрсатмоқдаки, кучли ва оқилона ташқи сиёсатга эга бўлган давлатгина глобал жараёнларда муносиб ўрин эгаллай олади ва келажак сари ишонч билан дадил қадам ташлайди.

Ўзбекистон бугунги кунда очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат юритаётган ўлка сифатида халқаро майдонда тобора фаол намоён бўлмоқда. Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ишонч ва ҳамкорлик тамойилларига асосланган сиёсат нафақат мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлади, балки минтақамизни барқарор ривожланиш ҳудудига айлантириш йўлида муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Жаҳон ҳамжамияти билан тенг ҳуқуқли мулоқот, халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик ва глобал ташаббусларда иштирок этиш диёримиз ташқи сиёсатининг амалий самарасини яққол кўрсатмоқда. Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан шу масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш аввалида Президентимиз ушбу учрашув дунёда жиддий геосиёсий силжишлар юз бераётган, давлатлар мустақиллигига таҳдидлар тобора ортиб бораётган мураккаб даврда ўтказилаётганига эътибор қаратгани ҳам бежиз эмас, албатта. Ана шундай вазиятда ташқи сиёсат йўналишидаги фаолиятни чуқур ва танқидий таҳлил қилиш, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини замон талаблари асосида қайта ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, ўтган йил давомида 26 та хорижий мамлакатга олий даражадаги расмий ташрифлар амалга оширилгани, миллий тарихимизда биринчи марта бир қатор давлат раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари уюштирилгани алоҳида эътироф этилди. Айтиш жоизки, “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар самарали кечди. Сўнгги йилларда 11 та мамлакат билан стратегик ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди, Қозоғистон, Озарбайжон ҳамда Тожикистон билан иттифоқчилик ришталари мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, 2017 йилдан буён хорижий давлатларда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилганлиги ҳамда уларнинг умумий сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етганлигини алоҳида қайд этишимиз лозим.

Дарҳақиқат, мазкур тарихий йиғилиш юртимиз ташқи сиёсатида сўнгги йилларда эришилган ютуқларни сарҳисоб қилиш баробарида, дипломатик хизмат олдига мутлақо янги ва аниқ вазифаларни қўйиб бергани билан аҳамиятлидир. Хусусан, хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини фақат сиёсий мулоқот билан чеклаб қўймасдан, инвестиция, экспорт, туризм ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш каби устувор йўналишларда аниқ натижалар билан баҳолаш зарурлиги тилга олинди.

Биламизки, ташқи сиёсат иқтисодий тараққиёт билан чамбарчас боғлиқдир. Инвестицияларни жалб этиш, савдо алоқаларини кенгайтириш, транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш – буларнинг барчаси пухта ўйланган дипломатия маҳсули. Шу маънода, ташқи сиёсат фақат ташқи муносабатлар эмас, балки халқ фаровонлиги, келажак авлод тақдири ва миллий тараққиётнинг муҳим таянчи, десак бўлади.

Иқтисодий дипломатияни кучайтириш, янги экспорт бозорларини очиш, логистика йўлакларини диверсификация қилиш ҳамда Африка қитъаси билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича берилган топшириқлар ташқи сиёсатнинг амалий ва прагматик йўналишга ўтаётганидан далолат беради. Элчилар фаолиятини самарадорлик мезонлари асосида баҳолаш ва аниқ лойиҳа натижалари учун рағбатлантириш тизимини жорий этиш ташаббуси дипломатик хизматда масъулиятни янада оширади.

Шунингдек, фуқароларимиз ҳуқуқларини хорижда ишончли ҳимоя қилиш, “кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, жойларда фаол ишлаш талаби ташқи сиёсатнинг инсон манфаатларига йўналтирилганини кўрсатади. 

Умуман олганда, мазкур тарихий йиғилиш мамлакатимиз ташқи сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган аниқ ва амалий вазифалар мажмуини белгилаб берди. Дипломатик хизмат фаолиятини натижадорлик, масъулият ва миллий манфаатлар билан чамбарчас боғлаш орқали ташқи сиёсатнинг реал иқтисодий ва ижтимоий самара бериши таъминланиши кўзда тутилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, миллий манфаатларни ишончли ҳимоя қилиш ва мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган замонавий дипломатия тизимини шакллантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Ўткир Алимов, ЎзА