Натижа зўр, марра эса юксак
Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 1-давлат ихтисослашган мактаб-интернат ҳақида эшитган бўлсангиз керак, нафақат туманда, балки вилоят ва республикада ҳам ўз ўрнига эга нуфузли таълим масканларидан бири.
Шунинг учун фарзандларини бу даргоҳда ўқитишни хоҳлайдиган ота-оналар кўп. Қабул ҳар йили Давлат тест маркази томонидан шаффоф, адолатли ўтказилиб, иқтидорли ўқувчилар танлаб олинади. Бир ўринга 7-10 ўқувчи даъвогарлик қилган йиллар кўп бўлган. Мактаб-интернатда қўшни Шаҳрисабз, Чироқчи, Яккабоғ, Муборак, Ғузор, Қамаши ва бошқа туманлардан ҳам ўқувчилар таҳсил олишади. Ҳозир 500 га яқин ўқувчининг 126 нафари вилоятнинг бошқа ҳудудларидан.
Хўш, ўқувчилар мазкур даргоҳга талпинишининг боиси нимада?
Бу саволга бир сўз билан НАТИЖА, деб жавоб айтиш мумкин. Мактаб-интернатда таҳсил олган ёшларнинг қўлга киритаётган ютуқларини ҳамма кўриб турибди. Қувонаяпти, ҳавас қилаяпти. Ота-оналар ҳам фарзандлари шундай ютуқларни қўлга киритишини жон-дилдан исташаяпти. Шунинг учун болаларини етаклаб олиб келишаяпти. Синовдан ўтиб олишини ҳаяжон билан кутишаяпти.
Негаки бу даргоҳни битирган ўнлаб ёшлар Япония, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Малайзия, Австралия каби давлатларда етук мутахассис сифатида фаолият юритишаяпти. Юзлаб битирувчилар мамлакатимиздаги нуфузли идора ва ташкилотларда Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишмоқда. Улардан Элдор Элмуродов Япониянинг Нагоя институтида етакчи менежер-илмий ходим, Баҳриддин Абдиев Австралиянинг халқаро биржасида етакчи-дастурчи, Фарҳод Самадов Корея давлати "Samsung" компаниясининг фармацевтика корхонаси менежери ва ҳоказо.
Битирувчилар орасида илмий фаолият билан шуғулланаётганлар ҳам кўпчилик. Собиқ ўқувчи Зарина Шерматова Ўзбекистон миллий университети механика-математика факультетида аввал Қори Ниёзий, кейин Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат стипендиясида ўқиди. Бакалавр ҳамда магистратура босқичларини имтиёзли диплом билан битирди. Ўқиш жараёнида хорижий тилларни ҳам мукаммал ўрганиб, рус ва инглиз тиллари бўйича қатор сертификатларни қўлга киритди. Ҳозирда Республика Фанлар Академияси В.И.Романовский номидаги Математика институтининг 2-босқич таянч докторантурасида таҳсил олмоқда. Академик Ш.А.Аюпов раҳбарлигида замонавий математиканинг жадал суръатда ривожланаётган "Лейбниц алгебралари" соҳаси бўйича илмий иш қилаяпти.
У 2014 йилда АҚШнинг Калифорния штати университетида "Математик физика ва анализ" мавзусида ўтказилган Америка-Ўзбекистон қўшма конференциясида "Нильрадикали тўрт ўлчовли бўлган беш ўлчовли комплекс ечимли Лейбниц алгебралари" мавзусида инглиз тилида илмий маъруза қилган. 2018 йил Франциядаги "Соф ва амалий математика" халқаро маркази томонидан Испания, АҚШ, Бразилия, Аргентина, Австралия, Хитой, Қозоғистон давлатларининг хорижий профессор ва олимлари билан биргаликда Тошкентда ўтказилган илмий мактабда фаол қатнашиб, ўз соҳасининг етук мутахассислари билан тажриба алмашди. Илмий фаолияти давомида олган натижаларига оид мақолалари 15 дан ортиқ республика ва халқаро илмий журналларда инглиз тилида нашр этилган.
[gallery-186]
Мактаб-интернатнинг яна бир собиқ ўқувчиси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти "Стохастик анализ" бўлими кичик илмий ходими Абдураҳмон Алиев эришган ютуқлар ҳам диққатга сазовор. У ўқувчилик пайтиданоқ Шодихон Сирожев хотирасига бағишланган математика олимпиадасида, Тошкентда ўтказилган "Ломоносов-2014" математика ва информатика фестивалида, математика фанидан вилоят олимпиадасида 1-ўринларни, университетда ўқиб юрганида университет талабалари ўртасидаги Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган 4-NCUMC олимпиадасида II даражали, кейинги йил мазкур олимпиадада I даражали дипломларни (олтин медаль) олган.
Шунингдек, у Турин политехника университетида, Тошкент, Самарқанд шаҳарларида ва Англияда бўлиб ўтган бир қатор халқаро конференцияларда ўз тезислари ва маърузалари билан муваффақиятли қатнашган.
Мактаб-интернат ташкил топган чорак асрдан буён олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи ҳамиша юқори бўлиб келаяпти. Ҳатто битирувчиларнинг 90 фоизи ўқишга кирган йиллар бўлган. 2019-2020 ўқув йилида эса 54 нафар битирувчидан 45 нафари, яъни 83 фоизи талаба бўлди. Энг қувонарлиси, 11-"б" синфга раҳбарлик қилган Бахтиёр Абдиевнинг 27 нафар ўқувчисининг ҳаммаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, юз фоизлик натижа кўрсатди.
Тўғри, орада мактаблар 9 йилликка айлантирилиб, касб-ҳунар таълими тизимига ўтилгани ғалвирни сувдан кўтариш имконини йўқотди. Лекин шундай пайтларда ҳам кичик ўқувчилар халқаро ёш математиклар мусобақалари, билимлар беллашувларида муваффақиятли иштирок этишди. Масалан, шу мактаб ўқувчиси Юлдуз Неъматова 2014 йилда ёш математикларнинг Жанубий Кореянинг Дейжон шаҳрида ўтказилган "IMC-2014" (INTERNATIONAL MATEMATICS COMPETITION) беллашувида жамоа ва якка тартибда қатнашиб, кумуш ва бронза медаллар билан қайтди. У кейинчалик фан йўналиши бўйича Зулфия номидаги республика давлат мукофоти соҳибаси бўлди.
Аслида халқаро олимпиадаларга дастлабки йўлни мактаб-интернат ўқувчиси Умид Ражабов очиб берган. У 2001 йилда АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган 42-Халқаро математика олимпиадасида бронза медалини қўлга киритди. Шу йили мактаб-интернатнинг яна бир ўқувчиси Жамол Узоқов Арманистоннинг Ереван шаҳрида кимё фанидан ўтказилган халқаро Менделеев олимпиадасида бронза медали соҳиби бўлди. Ўқувчи Баҳриддин Абдиев эса 2007 йилда Москвада бўлиб ўтган МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари ўқувчи ёшлари ўртасидаги олимпиадада геометрик масалаларни энг яхши ечган ўқувчи сифатида ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотини олган. Шу йил Вьетнам пойтахти Ханойда ўтказилган 48-Халқаро математика олимпиадасида эса бронза медалига сазовор бўлди.
Мактаб-интернатнинг яна бир ўқувчиси Элдор Неъматов қўлга киритган ютуқлар ҳайратланарли. У 2016 йилдан буён ҳар йили муттасил математика фанидан халқаро олимпиадалар ғолиби бўлиб келмоқда. 2016 йил Таиландда бўлиб ўтган "ИМС-2016" математика олимпиадасининг жамоа ва шахсий биринчиликдаги 2 та бронза медалини, 2017 йил Япония-Осиё мамлакатлари математика конференцияси сертификатини, 2018 йилда Болгариянинг Бугас шаҳрида ИМС ғолиблик сертификатини, 2019 йил августда Жанубий Африка Республикаси Дурбан шаҳрида Халқаро математика олимпиадасининг жамоа ва шахсий биринчиликдаги 2 та бронза медалини, 2020 йил январда Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида 16-Халқаро Жаутиков олимпиадасининг бронза медалини қўлга киритди.
Эътибор берган бўлсангиз, мактаб-интернатда қўлга киритилаётган ютуқларнинг аксарияти МАТЕМАТИКА фани билан боғлиқ. Шубҳасиз, мактаб-интернат фаолияти билан таниш кишилар бунга математика фани ўқитувчиси Бахтиёр Абдиевнинг хизмати сифатида қарайди. Чунки бу ютуқларнинг барчаси унинг меҳнатлари натижаси. Математик қобилиятини синовдан ўтказиш учун жаҳон кезган ёшлар унинг шогирдлари. Бежиз Бахтиёр Абдиевга "Меҳнат шуҳрати" ордени берилмаган. Бежиз у 2017 йилда ўз фани бўйича "Йил ўқитувчиси" танлови ғолиби бўлмаган. Бежиз шу йил "Ўзбекистон халқ ўқитувчиси" унвонига сазовор бўлмаган.
Бахтиёр Абдиев ўзидаги математик билим ва салоҳиятни юксак педагогик маҳорат билан ҳамоҳанг тарзда олиб бориб, юксак натижаларга эришаяпти. Иқтидори бўлган ҳар бир ўқувчининг қобилиятини юзага чиқараяпти, мудраб ётган онгу шуурини уйғотаяпти, қалбига йўл топаяпти, образли айтганда, булоқларнинг кўзини очаяпти, ўзиям ишлаяпти, шогирдлариниям ишлатаяпти, ўзбек болаларининг интеллектуал салоҳияти, ақл-идроки нималарга қодир эканини дунёга кўз-кўз қилаяпти.
У янгиликка интиладиган, янгиликни фаолиятида қўллайдиган, узоқни кўра биладиган ўқитувчи. Ҳали интернет туманга кириб келмаган пайтдаям Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларига бориб интернетдан маълумотлар олган. Кейин эса интернет унга таълим дунёси, математика дунёсининг эшикларини очиб ташлади. Тўплаган электрон китоблари сони 2 мингтадан ошиб кетди. Олимпиада масалаларининг ўн йиллик маълумот базасини яратди. Ҳозир мунтазам равишда Россия, Словакия, Руминия ва Польшада ўтказилган республика олимпиадалари масалаларини тўплаб боради.
Бахтиёр Абдиев билан бир сафда туриб ишлаётган ҳамкасблари орасида ҳам жиддий ютуқларни қўлга киритаётганлар кўп. Аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили чуқурлаштириб ўқитилаётган мактаб-интернатда ўтган ўқув йилида 11-синф ўқувчиси Дилноза Нуъмонова она тили ва адабиёт фанидан республика олимпиадасида биринчи ўринни олганига нима дейсиз? У Алишер Навоий номидаги она тили ва адабиёти институтига имтиёзли равишда талабаликка қабул қилинди. Дарвоқе, мактаб-интернат ўқувчилари орасида она тили ва адабиёт, рус тили, кимё фанларидан ҳам юқори натижаларга эришгани учун олий ўқув юртларига имтиёзли ўқишга қабул қилинган ўқувчилар бор.
Кўриниб турибдики, мактабда фақат математика эмас, бошқа фанлар ҳам яхши ўқитилади. Мисол учун, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилноза Бердиева 2017 йилги "Йил ўқитувчиси" танлови ғолиби бўлган, туманда энг яхши муаллима сифатида танилган. Информатика фани ўқитувчиси Иномжон Ашуров эса туманда биринчилардан "Баркамол авлод" болалар маркази билан ҳамкорликда робототехника тўгарагини ташкил этиб, кичик дастурлар асосида роботлар тайёрлашни бошлади. "Бир миллион дастурчи" лойиҳасида қатнашиб, ўзи ҳам, шогирдлари ҳам сертификатлар олишмоқда.
Булар мактаб-интернатда ўқувчилар ва ўқитувчилар қўлга киритган ютуқларнинг айримлари холос. Турли халқаро танловларда иштирок этиб грант ютган, республика танловларида муваффақиятли қатнашган ўқитувчилар, Англияга бориб келган, физика, математика, инглиз тили, биология, она тили фанларидан билимлар беллашувларида республика ғолиблигини қўлга киритган ўқувчилар борлиги, онлайн танловларда ҳам юқори натижадорликка эришилаётгани, мактаб-интернат "Йил мактаби" республика танловида совриндор бўлгани ҳақида батафсил тўхталмадим.
Мактаб-интернатда қўлга киритилаётган ютуқлар, яъни НАТИЖАДОРЛИКнинг сабабларини англаган бўлсангиз керак. Иқтидорлилар шаффоф танлаб олинаётгани ва ўз-ўзидан қобилиятли ўқувчилар муҳити пайдо бўлаётгани, ўз касбининг устаси бўлган ўқитувчилар дарс бераётгани, ўзлари ҳам ишлаётгани, ўқувчиларни ҳам шунга ундашаётгани, натижада ўқувчилардаги яширин қирралар очилаётгани... Буларнинг ҳаммаси мактаб-интернат ичида яна бир мактаб - олимпиада мактабчаси шаклланишига олиб келди.
Мактаб-интернатдаги ютуқларга тамал тошини устоз педагоглар Нарзулла Холиқов, Ҳабиба Хидирова қўйишган бўлса, айни пайтда бу даргоҳга Собир Қодиров раҳбарлик қилаяпти. Ўтган ўқув йили мактаб интернатнинг бўшаган коллеж биносига кўчирилиши таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишда қўл келадиган қўшимча имконият бўлди. Эришилган ва эришилаётган ютуқлар улар учун сўнгги марра эмас. Мақсад бундан-да юксак натижаларни забт этиш ва Президентимиз айтганидек, учинчи ренессанс даврини бошлашга қодир ёшларни тарбиялашдир.
Лола ЎРОҚОВА, фахрий журналист.
Ж.Норқобилов(сурат), ЎзА