Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 9-туридан ўрин олган «Пахтакор» — «Қизилқум» ҳамда «Насаф» — «Динамо» учрашувлари бир хил 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Тошкентда бўлиб ўтган баҳснинг биринчи бўлими сўнгида Элгужа Лобжанидзе ҳисобни очган бўлса, 51-дақиқада Достонбек Ҳамдамов орадаги фарқни йўқ қилди.
Қаршидаги беллашувнинг 11-дақиқасида мезбонлар бир киши кам бўлиб қолди. Ушбу вазиятда «Насаф» сардори Ғолиб Ғайбуллаев майдон марказида Кожога нисбатан қўпол ҳаракат қилди ва ҳакам томонидан майдондан четлатилди.
Учрашувдаги голларга Акмал Мозговой («Насаф») ва Душан Мийич («Динамо») муаллифлик қилди.
Шу тариқа, «Насаф» Суперлига жадвалида биринчи ўринни эгаллаш имконидан бу турда маҳрум бўлди ва 16 очко билан жадвалнинг иккинчи поғонасида қолди.
«Динамо» эса очколарини 7 тага етказиб, 12-ўринга чиқиб олди. Бу мавсумни омадсиз ўтказаётган «Пахтакор» 12 очко билан 5-ўринни, «Қизилқум» эса 10 очко жамғарган ҳолда 8-ўринни банд этди.
Бугун, 26 май куни «Нефтчи» – «ОКМК», «Сўғдиёна – «Бунёдкор» клублари ўртасида 9-тур баҳслари давом эттирилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА