«Насаф» Суперлига пешқадамига айланди
Ҳар бир турда кутилмаган натижалар билан давом этаётган футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 12-турида «Насаф» – «Нефтчи» учрашувида 1:0 ҳисоби қайд этилди.
Турнинг марказий ўйини дея эътироф этилган бу ўйин кескин ва муросасиз ўтди. Учрашувнинг 14-дақиқасида Зоир Жўрабоев қизил карточка билан жазоланди. «Нефтчи» жамоаси аъзоси Муҳсин Убайдуллаев 45-дақиқада ўз дарвозасига боши билан тўпни жойлаб қўйди. Мазкур натижадан сўнг «Насаф» очколари 22 тага етказиб олди ва жадвал карвонбошисига айланди.
Наманганда ўтган «Навбаҳор» – «Қизилқум» учрашувида эса ҳисоб очилмади ва жамоалар ўз ҳисобига бир очко қўшиб олди.

Бугун, "Бунёдкор" стадионида Тошкент дербиси бўлиб ўтади. Унда "Бунёдкор" ва "Олимпик" клублари ўзаро рақобатлашади. Шунингдек, «ОКМК» Олмалиқ шаҳрида "Пахтакор" жамоасини қабул қилади.
Ушбу жуфтликлар ўртасидаги «ОКМК» ва «Пахтакор» баҳси мухлисларимиз учун қизиқарли ўтиши шубҳасиз. Ушбу учрашувда «ОКМК» Суперлига жадвалидаги биринчи ўрнини сақлаб қолиши учун ғалаба қозониши шарт. Бунга сабаб, кеча «Насаф» ўз майдонидаги ғалаба эвазига 22 очко билан Олмалиқ шаҳри клубидан 2 очкога ўзиб кетди ва биринчи ўринга чиқиб олди. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, «ОКМК» Қарши шаҳри жамоасидан битта кўп ўйин ўтказган. Шу боис ҳам бугунги ўйинда очко йўқотиш бу клуб учун катта хато бўлади.

Аммо рақиб ҳам ўртамиёна жамоа эмас. Суперлиганинг амалдаги чемпиони «Пахтакор» бу мавсумни яхши бошламаган бўлсада, сўнгги ўйинларни муваффақиятли ўтказмоқда. Пойтахт клуби, айни дамда 16 очко билан 6-ўринда бормоқда ва чемпионлик унвонини сақлаб қолиш имкониятига эга.
Энди эса «ОКМК» ва «Пахтакор» ўртасидаги ўйинлар статистикасига эътибор қаратиб ўтамиз. Ҳозирга қадар чемпионатлар тарихида ушбу жамоалар 32 марта ўзаро тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 23 таси «Пахтакор»нинг ғалабаси билан якунланган бўлса, 5 та баҳсда дуранг қайд этилган. Олмалиқ клуби эса 4 марта зафар қучган. Тўплар нисбати 58/19 – «Пахтакор» фойдасига.
Суперлига доирасида «ОКМК» 2017 йилдан буён «Пахтакор»ни енга олмаябди, лекин ўтган йилги сўнгги ўйинда Тошкентда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган. Бу йил эса ушбу жамоа анча ўйин ва тактика жиҳатдан пойтахт клубидан кўра ўсган. Таркиб борасида ҳам айнан Олмалиқ жамоаси устунроқ.
Бугунги икки ўйин ҳам маҳаллий вақт билан 20:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
--0--