Сурхондарё вилоятида қаҳратон совуқ кунлари нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланиб, бозорларда арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси йўлга қўйилди.
Айни пайтда мазкур ярмаркаларда аҳолини арзон, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш аҳволи ўрганилмоқда. Савдо ходимлари ва харидорлар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммолари ўрганилмоқда.
Вилоятнинг тоғли Бойсун тумани аҳолиси учун замонавий “Эко бозор” савдо мажмуасида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси фаолият юритмоқда. Бугун вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ф. Тайиров, туман ҳокими А. Жўраев ва секторлар раҳбарлари мазкур савдо мажмуасида бўлиб, бу ерда ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркасини кўздан кечирди. Аҳоли учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навоси ҳамда сифати билан танишди.
–Тоғли ҳудуд бўлганимиз учун қор ҳам баракали бўлди,– дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Юнус Холиёров. – Шунга яраша совуғи ҳам бор. Қаҳратон қиш кунлари аҳолини узлуксиз электр энергияси, газ, кўмир билан таъминлашга, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг асоссиз кўтарилишига эътибор янада кучайтирилди. Туман марказида янги йилда иш бошлаган барча шароитларга эга “Эко бозор” савдо мажмуасида ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси халқимизни совуқ кунларда сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Бу ерга аҳоли учун зарур сифатли, табиий озиқ-овқат маҳсулотлари кунлик етказиб берилмоқда.
Арзонлаштирилган савдо ярмаркасида бир килограмм қўй гўшти 70 минг, мол гўштини 65 минг, гуруч ва шаркар 11 минг, беш литрли ёғ 67 минг, сабзи 3 минг, картошка 4 минг ва пиёз 7 минг сўмдан аҳолига сотилмоқда.
Шунингдек, мутасаддилар бир йўла аҳолига қулай бўлган бозор ҳудудида жойлаштирилган барча турдаги тўловлар учун инфокиосклар ва нақд пул банкоматларини кўздан кечириб, мижозларга банк хизматлари кўрсатиш сифатини ҳам ўрганди.
Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида харидорларга сифатли хизмат кўрсатиш ва жойларда нарх-наво ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси қатьий назорат қилинмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири