Нархларнинг асоссиз ошишига йўл қўйилмайди
Бу борада Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Карантин вақтида ўрнатилган тартиблар ҳудудларда ҳам барча масъул ташкилотлар томонидан назоратга олинган ҳолда олиб борилмоқда. Айниқса, озиқ-овқат деҳқон бозорларида маҳсулотлар нархларини асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш бўйича тегишли ташкилотлар билан биргаликда қатъий назорат ўрнатилган.
Бу борада Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2020 йил 16 мартдаги буйруғига асосан, бозорларда ва савдо шохобчаларида ҳамда дорихоналарда нарх навони сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида вилоят ва 15 та туман, шаҳар давлат солиқ инспекцияларида ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Ҳудудлар бўйича 44 та бозор, 562 та дорихона, чакана савдо шохобчаларига ҳудудий давлат солиқ инспекцияларидан масъул ходимлар бириктирилди.
Бозорлар ва аҳоли гавжум бўладиган савдо шохобчаларига ҳокимликларнинг, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси ва ҳудудий давлат солиқ инспекцияларининг ишонч телефонлари рақамлари кўринарли жойларга жойлаштирилди ва фуқаролар томонидан ушбу ишонч телефонларига мурожаатлар тушиши бошланди.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси ва ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ходимлари ҳамкорлигида тадбиркорлар ўртасида тушунтириш профилактик тадбирлари ўтказилди.
Жумладан, хўжалик юритувчи субъектларга ва бозорларга савдо-сотиқ фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорларга нарх наволарни сунъий равишда оширмаслик мақсадида тушунтириш ишлари олиб борилиб, улардан ушбу мазмунда кафолат хатлари олинди.
Минг афсуски, биринчи кунда аҳолида тушунарсиз бир саросима пайдо бўлиб, ҳаддан ташқари кўп картошка ва пиёз маҳсулотларини сотиб олиш кузатилди. Бу ҳолатдан айрим “тадбиркор”лар фойдаланиб қолиш мақсадида нархларни оширганлиги кузатилди.
Хусусан, Қарши шаҳридаги “Ёрқўрғон деҳқон бозори” АЖ худудида 1 килограмм картошка нархи 4 минг 500 сўмгача сотиш ҳолати кузатилди ва зудлик билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб борилиб, ушбу нарх 3 минг 200 сўмга туширилди. Шу куни 1 килограмм картошка ушбу бозорда 2 минг сўмдан энг саралангани 3 минг 500 сўмгача сотилиши таъминланди. Пиёз маҳсулотига бўлган талабнинг ошганлиги сабабли, нарх 1 килограмм учун 300-400 сўм атрофида оширилгани кузатилди ва тушунтириш ишлари олиб борилиб, ушбу нарх 1 килограмм учун 1 минг 300 сўмдан 2 минг сўмгача сотилиши таъминланди. Қолган истеъмол товарлари бўйича бозорда талаб ошиши кузатилмади. Нархлар барқарор эканлиги кузатилди. Вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларидаги бозорларда ҳам тезлик била ушбу ҳолат назоратга олинди ва нархлар барқарорлиги таъминланди.
Вилоят штаби томонидан вилоят ҳудудида фаолиятини амалга ошираётган Деҳқон озиқ-овқат бозорлари, савдо дўконлари, умумий овқатланиш шохобчаларида ҳамда дорихоналарда асоссиз равишда нарх наволарни оширмаслик юзасидан ишчи штаб тузилиб буйруқ асосида бириктирилди ва доимий назоратга олинди ҳамда кафолат хатлари олиниши таъминланиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 24 соат мобайнида фаолият олиб бораётган CALL марказидан тушаётган мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи тузилиб, 16 март ҳолатида 64 та мурожаатлар тушган. Ҳудудий давлат солиқ инспекцияларининг “Ишонч телефонлари” аҳоли гавжум ва савдо фаолиятини амалга оширувчи жойларга 20-30 метр оралиқда илинмоқда. Фуқаролардан тушаётган мурожаатлар доимий назоратга олинган.