Нанай қишлоғи туризм масканига айланади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокимининг 2023-2024 йилларда Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш тўғрисидаги тегишли қарорига асосан Нанай туризм манзилига айлантирилмоқда.
Вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси, Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда Нанай қишлоғидаги туризмга ихтисослашган маҳаллаларда лойиҳа ташабускорлари билан учрашувлар ўтказилди. 2023-2024 йилларда ташаббускорлар томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар таклифлари билан яқиндан танишилди.
[gallery-10278]
Қарорга асосан, 150 дан ортиқ оилавий меҳмон уйи, 20 га яқин гастрономик хонадон, аҳоли хонадонларида миллий ҳунармандчилик устахоналари фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда инфратузилмаларни яхшилаш белгиланган. Лойиҳаларнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида 400 дан ортиқ янги иш ўрни ва қўшимча хизматлар кўрсатиш сони ортишига эришилади.
Ташриф буюрувчиларга қўшимча туризм хизматлари ва қулайликлар яратиш мақсадида 2023–2024 йилларда Нанай қишлоғидаги туризм масканини модернизация қилиш, сельфи ҳудудлари, автотураргоҳлар, сузиш ҳавзалари, йирик дам олиш масканлари қуриш режалаштирилган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА