Намунали уй олсангу, нуқсони кўп бўлса...
Бугун юртимиз кундан кунга чирой очмоқда. Қад ростлаётган баланд-баланд бинолару, замонавий уйларни кўриб қувонасан киши. Замонавий уйларда яратилаётган шароитларни кўриб эса ҳайратингиз ошади.
Айниқса, катталар, болаларга алоҳида хоналар, уй бекалари учун қулай ва шинам ошхона киши ҳавасини келтиради. Атрофи ҳам обод, барча зарур инфратузилма объектлари қишлоқ кўркига-кўрк бағишламоқда. Лекин...
Сир эмаски, мазкур уйлар борасида фақат бир масала ўйлантиради.
У ҳам бўлса, қурилиш сифати. Негаки, уйларни қуриш жараёнида сифатсиз маҳсулот ишлатиш, нуқсони билан эгасига топшириш каби ҳолатлар борлигини инкор этиб бўлмайди.
Бу борада Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ҳам кўплаб истеъмолчиларимиздан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Ана шундай мурожаатлардан бири, Қашқадарё вилояти Муборак туманида яшовчи фуқаро Ғ.Муҳаммедов томонидан келиб тушган.
Унда истеъмолчи, 2019 йилда 160 миллион сўм эвазига намунавий кўп қаватли уйдан сотиб олган.
Бироқ, истеъмолчи уйга кўчиб ўтгандан сўнг, хонадонида маиший ва хўжалик жиҳозлари, ускуналарнинг сифатсизлигидан ҳамда кўп қаватли уйнинг айрим қурилиш монтаж ишлари сифатсиз бажарилганлиги маълум бўлган.
Қурувчи ташкилотга мурожаат қилганда эса, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини айтиб ўтган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида, истеъмолчининг хонадонида ҳақиқатдан носозликлар борлиги, хусусан, биргина ювиниш хонасининг бир қатор камчиликлар борлиги, хонадоннинг электр монтаж ишлари тўлиқ бажарилмаганлиги, пол қисми кўтарилиб қолганлиги аниқланди.
Истеъмолчи хонадонида аниқланган камчиликлар Федерация масъул ходимлари аралашуви билан қурувчи ташкилот «Модернизация махсус сервис» МЧЖ раҳбари А.Раззоқов томонидан қисқа муддат ичида бартараф этилишига эришилди.