Наманганни оламга танитган ҳофиз (+видео)
Дилларни сел қилгувчи сеҳрли овоз соҳиби Камолиддин Раҳимов ҳаёт бўлганида 80 ёшга тўларди. Ўзбекистон халқ артисти, устоз ҳофиз ижоди бугун эл қалбида қолди. «Наргиз», «Кўчамдан жонон ўтганда», «Фарзанди Намангоний», «Наманган танавори» каби устоз куй басталаб айтган қўшиқлари сонининг адоғи йўқ. Лекин уларнинг ҳар бири мукаммал асар, ижоднинг юксак намунаси.
Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан инсонга эътибор намунаси сифатида 2023 йилнинг илк кунлари «Камолиддин Раҳимовни ёд этиб» хотира кечаси ташкил этилди. Бу анжуманга ҳофизни шогирдлари, мамлакатнинг таниқли санъаткорлари, олимлар, шинавандалар йиғилди.
Тадбир очилишида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов устоз ҳофиз Камолиддин Раҳимов нафақат буюклик сифатига эга санъаткор, балки ўзининг ҳаёт тарзи билан оддийлик, камтарликка ҳайкал қўйиб кетган инсондир, деди.
«Менинг Матлуба бўлишимда Камолиддин Раҳимовнинг катта хизматлари бор, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоева. – Инсон олим бўлиши мумкин, катта поғоналарга чиқиши мумкин... Бунақа камтарин инсон йўқ. Ёш, энди санъатга кириб келганларга ҳам қўллари кўксида салом берардилар, дуо қилардилар. Менга ҳам устоз дуосини олишлик насиб этган. Улар ўлмаган. Уларнинг асарлари асрлар оша қолади. Одоб, ахлоқ, иймон, эътиқодга чақирадиган бу асарларни биз кўзимизга суртиб ижро этамиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7pDFNDUHOi4" title="Наманганни оламга танитган ҳофиз" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Тадбирда Камолиддин Раҳимов ижод қилган қўшиқлар издошлари, мамлакатнинг таниқли хонандалари томонидан ижро этилди. Ҳайратланарли томони шундаки, бу қўшиқларни Фарғона, Бухоро, Хоразм йўлида куйлайдиган санъаткорлар ижро этсада, ҳаммаси айнан Камолиддин Раҳимов услубида, унинг йўли, қочиримлари ва дардли нолаларини чиқариб куйлади. Бу устознинг санъати бардавомлигини кўрсатади.
– Камолиддин аканинг новаторлиги шундаки, у ўз замонасининг янги ижро асарларини ярата олди. У ўзбек мусиқа меросида янги саҳифа очган. Камолиддин Раҳимов қолдирган услуб, яратган асарлари тор чертиш йўллари ҳозирги авлод учун дастуриламал, келажак авлод учун ибрат бўлиб қолади, – дейди «Мақом» санъати маркази бош директори, профессор Сойибжон Бегматов.
Қишнинг энг совуқ кунлари театрга сиғмай кетган санъат шинавандалари қалби устозга бўлган меҳр, унинг ўз халқига қолдирган қўшиқ деб аталмиш илоҳий неъматдан қувватланди.
Камолиддин Раҳимов Наманганни оламга танитган эди. Бугун Наманган аҳли уни яна бир бор оламга танитмоқда.
Муҳаммаджон Обидов