Наманганни гуллар ифори тутган
Гуллар чиндан ҳам кўтаринки кайфият, шодлик-хуррамлик ва орасталикнинг яққол кўринишидир. Шу маънода, наманганликлар гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, ҳурмату эҳтиром рамзи саналган гулларга алоҳида меҳр қўйган.
Наманганда кўҳна ва навқирон кентнинг ўзигагина хос бўлган гуллар сайли бошланди. Ҳар бир кўча, хиёбон, хонадонларгача чаманзорга бурканди.
Ҳар йилги анъанавий байрам Халқаро гуллар фестивали мақомини олди. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармойиши қабул қилинди. Олтмишинчи марта, юбилей тарзида нишонланаётган нафосат байрамини халқаро миқёсда юқори савияда ўтказиш учун катта тайёргарлик ишлари амалга оширилди.
Асосий тадбирлар бўлиб ўтаётган Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи 4 миллиард сўмга яқин қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг маъмурий биноси, “Нуронийлар чойхонаси”, 800 томошабинга мўлжалланган амфитeатр, очиқ эстрада майдони, “Сокин ҳудуд”, “Насиҳат майдони” барпо этилди. 165 тунги чироқ, 65 сўри токли ўтирғич ўрнатилди. Тўққиз кўча билан боғловчи шунча дарвоза қад ростлади. Мўътадил ҳавони сақлаб турувчи фавворалар, 1,5 километр очиқ сув тизими, учта ерости дрeнажи қудуғи ишга туширилди. Бир гeктарлик кўлда “Музқаймоқ оролчалари”, “Қайиқлар бeкати”, 48 аттракцион барпо этилди. Шахмат-шашка клуби қурилди. Тўртта катта гулхона, беш гeктарлик майдонда 500 га яқин ноёб манзарали дарахтлар парвариш қилинди. Бу гўзал масканда ёшу кексани бирдек ўзига оҳанграбодек жалб этадиган 10 миллион дона гул кўчати ўтқазилди.
Байрамга келганлар юздан зиёд корхона, ташкилот ва бошқармалар, туманлар, профессионал ва ҳаваскор гулчилар томонидан ташкил этилган кўргазмалардан завқу шавққа тўлмоқда.
Халқаро гуллар фестивали тантаналари вилоятнинг ҳаво дарвозасидан – Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашиналар, ҳатто юк машиналари, комбайн, трактор, автокрандан тортиб ҳарбий техникаларгача учратиш мумкин. Анвойи гулларга бурканган 200дан ортиқ автомашина карвони Ислом Каримов шоҳ кўчасидан Темир йўл вокзали айланма йўли – Амир Темур – Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланди.
Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Қирғизистон, Қозоғистон, Корея, Буюк Британия, Туркия, Россия каби хорижий давлатлардан таклиф қилинган ва юртимизнинг деярли барча ҳудудларидан келган меҳмонлар, вилоят фаоллари иштирок этди.
“Гуллар байрами мадҳияси” янграгач, Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов байрамга йиғилганларни қутлаб, эзгу тилакларини билдирди.
Халқаро даражадаги мазкур фестивални ташкиллаштиришдан кўзда тутилган мақсад хорижлик меҳмонларга юртимиздаги гулчилик анъаналарини, қолаверса, Наманган вилояти шаҳар ва туманларининг туризм салоҳиятини ошириш, инвестиция жозибадорлигини кенг тарғиб этиш экани таъкидланди.
[gallery-2507]
Байрам тадбирига йиғилганлар Бобур боғида ташкилотларнинг гуллар экспозициялари, шаҳар ва туманларнинг ўзига хос анъаналарини ўзида ифода этувчи турфа гул декорация ва композициялари билан танишди.
– Наманганга биринчи бор келишим, – дейди қирғизистонлик Фазилат Ирисова. – Гуллар байрами ўтказилиши ҳақида эшитиб, гўзалликдан баҳраманд бўлиш учун ошиқдик. Биласизми, аёллар энг яхши кўрган нарса бу – гуллар. Гуллар автопарадини кўриб, дилдан яйрадим. Бобур боғидаги манзаралардан эса ҳайратландим. Менга жуда ёқди.
– Ўзбекистондаги қурилиш компанияларидан бирида фаолият юритаман, – дейди Жанубий Африка Республикасидан бўлган Мистер Малкоет Мобасо. – Тўғриси, гуллар шайдосиман. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида бўлганман, ҳарбий парадларни томоша қилганман. Аммо Намангандаги каби тинчлик, эзгуликни тарғиб этувчи гуллар байрами жуда бошқача бўляпти. “Гуллар шаҳри” дея таърифлашганича бор экан. Халқаро фестиваль Наманган учун муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.
– Ўзбекистонда хайрия элчиси сифатида барча вилоятларда фаолият олиб боряпман, – дейди Буюк британиялик Лорд Муҳаммад Илтаф Шайхнинг рафиқаси Гули Муродова
– Ўтган ҳафта Наманганга келганимда мени гуллар байрамига таклиф қилишди. Аэропортдан бошлаб, “Хотира хиёбони”гача бўлган байрамнинг гуллар автопарадида, Бобур боғидаги гуллар композициясидан олам-олам таассуротлар олдим. Жараёнларни ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб этиб бордим. Дунё кезган инсон сифатида айтишим керакки, бундай гуллар байрами эзгулик рамзи. Ушбу вилоятда гўзалликка ошуфта, гулларни ардоқлайдиган одамлар кўп эканлигини кўриб, беҳад мамнун бўлдим.
Мафтункор манзаралар, сермазмун томошалардан шодланиш иштиёқидаги катта-ю кичик меҳмонлар гуллар тимсолида нафосатга ошуфта шаҳар аҳлининг азму шижоати, гулга бўлган меҳридан ҳайратланиб, уларнинг гулчилик тажрибасига юқори баҳо бермоқда.
Наманганнинг халқаро брендига айланган гуллар бутун бўй-басти билан намоён қилинадиган сайлда бевосита иштирок этиш учун дунёнинг 20дан ортиқ мамлакати, хусусан, Наманган билан биродарлашган ҳудудга айланган Туркиянинг Испарта ва Усмонғози, Қирғизистоннинг Жалолобод, Хитойнинг Циндао, Жанубий Кореянинг Инчеон ва Сеонгнам, Покистоннинг Панжоб, Россиянинг Челябинск ва Екатеринбург шаҳарлари вакилларига таклифномалар юборилди.
Бундан ташқари, гуллар байрамини кенг тарғиб этиш учун жаҳоннинг 31 мамлакатидан хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар Наманганга ташриф буюрди.
Қарийб ўн кун давомида гул етиштириш ва ландшафт дизайни бўйича маҳорат сабоқлари, миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъат асарлари намойиш қилинади.
Фестивалнинг ташкилий қўмитаси томонидан гуллар сайлида энг яхши гул кўргазмаси билан фаол иштирок этганлар тақдирланади. Ғолибларга “Ласетти” автомашинаси мукофот сифатида берилиши кўзда тутилган.
Ички ва ташқи туризм ривожида муҳим аҳамият касб этадиган, 60-анъанавий Халқаро гуллар байрами тантаналари кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА