Наманганликлар ҳам референдумда фаол қатнашмоқда
Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 6-Наманган округ комиссияси матбуот марказидан маълум қилинишича, вилоятдаги 831 та участкада эрталаб соат 8.00да давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган референдумда овоз бериш жараёнларида соат 17.00 ҳолатига рўйхатга киритилган 1 миллион 591 минг 770 фуқаронинг 1 миллион 333 минг 906 нафари ёки 83,80 фоизи овоз беришда иштирок этди.




Бунда овоз берувчилар сони соат 11.00 га қадар олинган маълумотга нисбатан 741 минг 966 нафарга кўпайди. Бу эса ўз навбатида, наманганликларнинг юксак фаоллиги ҳамда конституциявий ислоҳотларга бефарқ эмаслигидан ёрқин далолат. Овоз бериш жараёнларини миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик принциплари асосида ошкораликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Наманган вилоятининг 14 та ҳудудидаги иккитадан намунали, жами 28 та референдум участкаси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларга ўрнатилган видеокузатув камералари орқали участкалардаги сиёсий жараёнлар тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда.
Референдум участкаларида овоз берувчилар учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Манзилда ташкил этилган тиббиёт хоналари, дорилар билан таъминланган. Шунингдек, ҳар бир референдум участкасига тез ёрдам машиналари бириктирилган. Шаҳар ва туманлардаги овоз бериш билан боғлиқ жараёнларни халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган халқаро кузатувчилар, шунингдек, сиёсий партиялар ҳамда аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатиб бормоқда. Ҳозирга қадар Наманган вилоятида референдум жараёнларида овоз берувчилар ва кузатувчилар томонидан бирор эътироз ёки шикоятлар келиб тушмади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА