Наманганга “Кинокарвон” уюштирилди
Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами олдидан Республика Кинематография агентлиги ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография ойлиги” доирасида “Кинокарвон” гуруҳи Наманган вилоятига сафар уюштирди.
Санъаткорлар иштирокидаги “Кинокарвон” тадбирлари доирасида Поп ва Чуст туманлари маданият марказларида давра суҳбати ва ижодий учрашувлар ўтказилди.

Мулоқотлар давомида юртимизда кино санъатини ривожлантириш, улуғ алломаларимиз ва замонавий қаҳрамонлар образини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада давлат томонидан берилаётган имкониятлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди.
Ижодий учрашувларда кино ихлосмандлари таниқли санъаткорлардан ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олди.

Сўнг “Мен террорчи эмасман” бадиий фильми намойиш этилди. Таъкидлаш жоиз, Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган ушбу янги фильм тақдимоти киносеварларга ғоят манзур бўлди.
Қолаверса, ҳудудларда ўтказилган “Синемобиль” намойишлари ва мусиқий чиқишлар иштирокчиларни хурсанд қилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА