Ҳар баҳорнинг йилдан йилга фарқи бор. Ўтган йили кўклам бироз эрта келиб, экин-тикин ишлари 15-20 кун аввал бошланган бўлса, бу йил баҳорнинг нисбатан совуқ ва ёғингарчиликлар билан бошланиши чигит экиш ишининг кечикишига сабаб бўлди.
Айни кунларда эса бободеҳқонларимиз ер тобга келганидан фойдаланиб, чигит экиш ишларига уюшқоқлик билан киришди. Наманган вилоятининг Норин туманидаги “Ғуломжон ота фатҳ” фермер хўжалиги даласида иш қизғин. 51 гектар ерга барака уруғини қадашни режалаштирган хўжалик аъзолари томонидан ер текисланиб, пешма-пеш “Андижон-35” навли уруғ экилмоқда.
Эътиборлиси, мазкур фермер хўжалиги сингари тумандаги барча фермерларга етказиб берилаётган уруғлик чигит сифати доимий назоратда. Мисол учун, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Uztex Uchkurgan” қўшма корхонасига қарашли уруғлик чигит тарқатиш шохобчасига олиб келинган 76,2 тонна чигит тегишли сертификатга эга. Жорий йилда туман бўйича жами 6 минг 38 гектар ерга чигит экилади. Мазкур жараён Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда унинг Норин тумани бўлими томонидан қатъий назоратга олинган. Тупроқ ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда экиладиган майдонларнинг 4 минг 391 гектарига “Андижон-35”, 1 минг 647 гектарига эса “Султон” навларини жойлаштириш белгилаб олинган.
– Экиш мавсумида қатнашувчи 58 та сеялка ва бошқа техник воситалар техник кўрикдан ўтказилди, – дейди “Ўзагроинспекция” Норин туман бўлими бошлиғи Шуҳрат Азизов. – Қайд этиш керак, уларнинг учтаси хориждан келтирилган пневматик сеялка, 14 таси эса ғўза қатор орасига соя экувчи ҳамкор сеялкалардир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА