Наманганда яна бир халқаро турнир старт олди
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида бошланган шотокан каратэ-до бўйича халқаро очиқ турнирда водий вилоятлари, Тошкент шаҳри, шунингдек Тожикистон Республикасининг Сўғд вилоятидан келган 200дан зиёд ёш ўғил-қизлар ғолиблик учун баҳсга киришди.
Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, хусусан вилоятда шотокан каратэ-до спорт турини оммалаштиришда меҳнати синган Хабибулла Абдураҳимов, Абдулҳафиз Ғофуров, Шуҳрат Усмонов, Ҳамид Рустамов, Собит Саидов каби спорт усталарининг хотирасига бағишланган турнир ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда терма жамоа захирасини муносиб номзодлар билан бойитишда муҳим аҳамият касб этади.


Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, Ўзбекистон шотокан каратэ-до ассоциацияси бош мураббийи, 7-дан қора белбоғ соҳиби Хўжамқул Хўжамқулов, Наманган шаҳри ҳокими Ғофуржон Жамолов бу каби турнирлар ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини спортга ошно этиш, юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Ватанимиз шаънини халқаро ареналарда улуғлайдиган чемпионларни етиштиришга хизмат қилажагини таъкидлади.


Ёшлар ўртасида шотокан каратэ-до спорт турини кенг оммалаштириш, кўплаб чемпионларни тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ спорт фахрийлари турнир ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Халқаро турнир иштирокчилари 25 килограммдан +84 килограммгача бўлган вазн тоифаларида якка ва жамоавий кумитэ йўналишларида татамида беллашмоқда. Қизғин руҳда кечаётган баҳсларда даставвал энг кичик ёшдаги болажонлар ўртасида ғолиб чиққан иқтидор соҳибларига диплом ва медаллар тақдим қилинди.


Ушбу мусобақа ғолиблари орасидан жорий йилнинг 8-10 сентябрь кунлари пойтахтимиз мезбонлик қиладиган шотокан каратэ-до бўйича жаҳон чемпионатида терма жамоамиз сафида иштирок этиш учун танлаб олинади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.