Наманганда яна бир халқаро мактаб очилди
Мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги хусусий секторнинг ўрни ва улуши ортиб бормоқда.
Давлат умумтаълим мактаблари билан бир қаторда нодавлат мактаблар ҳам ўз фаолиятини бошламоқда.Кейинги икки йилда Наманган вилоятининг ўзида “Ал Хоразмий”, “Зиёкор” сингари ўндан ортиқ хусусий таълим муассасалари ташкил этилиб, уларда ўқувчиларни халқаро стандартлар талаби асосида билим олишлари учун замонавий шарт-шароит ва имкониятлар ҳозирланди.
Янги Наманган туманида давлат хусусий шериклиги асосида янги барпо этилган Наманган давлат техника университетининг минг ўринли, кўп қаватли талабалар турар-жойи биносининг биринчи ва иккинчи қаватларида “Thompson” халқаро мактабининг Наманган филиали очилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тақдимот маросимида қатнашган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов кейинги йилларда мактабларда замонавий шароитларни яратиш, ўқитувчи нуфузи ва таълим сифатини ошириш, тизимда хусусий сектор улушини кенгайтиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Тадбир иштирокчилари нуронийлар ҳамроҳлигида рамзий лента қирқилди. Биринчи қўнғироқ садолари остида ўқувчилар илк дарс сари йўл олдилар.
“Thompson” халқаро мактабида ўқувчи ва ўқитувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Синф хоналарининг жиҳозланишидан тортиб, ўқув воситаларигача сўнгги русумдаги илғор технологиялар билан таъминланган.
[gallery-25230]
Тантанали тадбирда янги мактабнинг биринчи синф ўқувчиларига китоблар ва ўқув қуроллари жамланмасидан иборат Президент совғалари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (фото), ЎзА.