Наманганда халқаро турнирга старт берилди
Шу кунларда бутун дунё спорт кураши ихлосмандларининг нигоҳи Наманганга қаратилмоқда. Боиси, Янги Наманган туманидаги муҳташам "Паҳлавон" спорт мажмуаси яна бир нуфузли мусобақа – эркин ва юнон-рум кураш турлари бўйича катталар ўртасида биринчи маротаба "Ўзбек ботирлари" халқаро гран-при турнирига мезбонлик қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги, Спорт вазирлиги, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси, “7-Saber” миллий компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли мусобақанинг дастлабки кунида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, шунингдек Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Россия Федерациясидан келган 140 нафар спортчи 60 килограммдан 130 килограммгача бўлган олтита вазн тоифасида юнон-рум курашида баҳсларга киришди.


– Наманганда бўлиб ўтаётган Гран-при мусобақаси юқори савияда ташкил этилди. Илк бор ўтказилишига қарамасдан кўпгина давлатлардан спортчиларнинг жалб қилингани таҳсинга сазовор. Турнир иштирокчиларининг татамидаги маҳоратларини 15 нафар халқаро тоифадаги ҳакам баҳолаб боришмоқда, - дейди халқаро турнир бош ҳаками, Олимпия тоифасидаги рефери Тўймурод Адизов. – Мусобақа мамлакатимиз спортчилари учун ёзги Олимпия ўйинларига ўзига хос тайёргарлик вазифасини ҳам ўтайди. Қолаверса, МДҲ мамлакатларининг моҳир курашчилари билан тажриба ўрганишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.


Спорт мажмуаси мухлислар билан тўлиб-тошганлигининг ўзига хос сабаблари бор. Мусобақада Элмурод Тасмуродов, Арам Варданян, Бекзод Абдураҳмонов, Шермуҳаммад Шарифжонов, Ихтиёр Наврўзов каби мамлакатимизнинг номдор спортчиларининг гиламга чиқиши кутилмоқда.
– Юртимизда кураш турлари тобора оммалашиб бораётганидан хурсандмиз. Гран-при турнирлари биз спортчиларни тоблайди. Бугунги мусобақада ҳам кучсиз рақибларнинг ўзи йўқ. Дастлабки учрашувда қозоғистонлик номдор рақибимни енгдим,–- дейди Фарғона вилояти вакили, юнон-рум кураши бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионати совриндори Муҳамммадқодир Расулов. – Насиб қилса, “Ўзбек ботирлари” мусобақасида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиш учун астойдил ҳаракат қиламан.


Эртага, мусобақанинг иккинчи кунида баҳсларни эркин кураш бўйича иштирокчилар давом эттиришади. Халқаро турнирда фахрли биринчи ўрин учун 15 миллион сўм, иккинчи ўринга 8 миллион сўм, учинчи ўрин учун 5 миллион сўмдан пул мукофотлари тақдим этилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири