Наманганда Усмон Носир ҳайкали ўрнатилади
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида сайловчилар билан учрашув чоғида 2022 йил хассос шоир Усмон Носирнинг 110 йиллигини мамлакат миқёсида кенг нишонлаш ҳақида гапирган эди.
Усмон Носир – ўзбек шоири, таржимон, драматург. 30-йилларнинг бошларидаёқ у ўз дунёқараши орқали ўзбек шеъриятига янгича оқим олиб кириб, унга ўз ҳиссасини қўшган шоир сифатида танилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 февралдаги “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, жорий йил ноябрь ойида Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги мамлакатимизда адабиёт ва санъат байрами сифатида кенг нишонланади.
Шунингдек, Усмон Носирнинг ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, унинг қатағон даврида кечган йилларини ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тўплаш мақсадида тарихчи олимлар ва ижодкорлардан иборат ишчи гyруҳи таркиби тузилади.
Мазкур иш гуруҳига шоирнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишда нафақат Ўзбекистонда балки Россиядаги тегишли архив материаллари билан ҳам танишиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилади.
Шунингдек, Наманган шаҳрида Усмон Носир ҳайкалини ўрнатилади. Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги кўчаларга Усмон Носир номи берилади. Усмон Носирнинг “Танланган асарлар” тўплами ҳамда “Усмон Носир замондошлари хотирасида” китоби нашр этилади.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда “Замонавий ўзбек адабиёти ривожида Усмон Носир ижодий меросининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилади.
Келгусида Усмон Носирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм суратга ол спектакллар саҳналаштириш, мусиқа асарлари ва қўшиқлар, Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш режалаштирилган.
Умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Усмон Носир ҳаёти ва ижодига бағишланган “Унутмас мени боғим” мавзуида иншолар танловини ўтказиш йўлга қўйилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА