ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизда ҳар бир улуғ байрам арафасида ҳашар ўтказиш яхши анъанага айланган. Бу нафақат шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, балки халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва меҳр-оқибатини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бугун эрта тонгдан мустақиллигимизнинг 34 йиллиги олдидан бутун мамлакат бўйлаб “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари бошланди. Янги Наманган туманида ҳам ушбу эзгу ҳаракат юксак руҳ ва уюшқоқлик билан ўтмоқда.
[gallery-24890]
Маҳаллаларда хонадонлар, кўп қаватли уйлар, кўча ва хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар тартибга келтирилмоқда. Янги боғ ва гулзорлар барпо этилиб, мавжудлари янгича кўриниш касб этаётир. Бу ишлар нафақат шаҳарнинг кўркини оширмоқда, балки одамларнинг кайфиятига ҳам ижобий таъсир этмоқда.
Ҳашар жараёнида хайрия тадбирлари ҳам амалга оширилмоқда, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Янги Намангандаги бу умумхалқ ҳаракати юрт равнақи ва халқимиз бирдамлигининг ёрқин ифодаси сифатида мустақиллик байрамига муносиб туҳфа бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА