Наманганда Тадбиркорлар кенгаши иш бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Наманган вилоятида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда вилоятни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича тадбиркорлар кенгаши”нинг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида мулоқот шаклида ўтказилган илк учрашувда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, вилоят сектор раҳбарлари, йирик инвесторлар ҳамда тадбиркорлар, кластерлар раҳбарлари, тадбиркорликни ривожлантиришга масъул идоралар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сўнгги 5 йилда Наманган вилоятида саноат, хизматлар ва тадбиркорликнинг бошқа соҳаларида “катта сакраш” бўлди. Масалан, вилоятда корхоналар сони 15 мингтага кўпайиб, 32,5 мингтага етди. 2022 йилнинг ўзида 5 500 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Бу даврда хусусий бизнес вакиллари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 1,6 бараварга ошиб, 8,3 триллион сўмга етди.
[gallery-10602]
Вилоятдаги тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш учун 2022 йил давомида жами 6,1 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу эса, ўтган 5 йилга нисбатан 4,2 мартага кўп демакдир.
“Наманган тажрибаси” сифатида шаҳар ва туманларда ташкил этилган 72 та кичик саноат зоналарида бугунги кунга қадар қиймати 4,8 трлн. сўмлик 650 тадан ортиқ лойиҳа фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу корхоналар томонидан 38 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 3 февралида Наманган вилоятига ташрифи давомида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам Наманган вилоятида тадбиркорлик фаолияти, бизнес учун яратилган қулай инвестиция муҳитига юқори баҳо берди.
Президентимиз топшириғига асосан, Наманганда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда вилоятни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида тадбиркорлар ва кластер раҳбарларидан иборат “Тадбиркорлар кенгаши” ташкил этилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА