Очиқлик, ошкоралик, шаффофлик, холислик суд тизими фаолиятида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу одил судловни таъминлаш ва судларнинг чинакам “Адолат қўрғони”га айланишига хизмат қилади.
Наманганда ташкил этилган навбатдаги матбуот анжумани вилоят судларининг 2022 йидаги фаолият якунларига бағишланди.
Анжуманда Президентимиз томонидан шу йил 16 январь куни қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.
Наманган вилояти суди раиси Алишер Усмонов ва вилоят маъмурий суди раиси Зарифахон Қурбонова судларда адолат, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
Суд идоралари томонидан ўтган йил давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўрилиш ҳолати, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари, соҳага оид бошқа маълумотлар очиқланди.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан таққослаганда судланган шахслар сони 27,9 фоизга ёки 1 минг 100 нафарга, жиноят ишлари сони эса 20,9 фоизга ёки 847 тага ортган. Бунда асосан Уйчи, Поп туманлари ва Наманган шаҳрида ошишига йўл қўйилган.
Вилоятда 2021 йилга нисбатан 2022 йилда жиноятчилик турларидан асосан, фирибгарлик 330 тага ёки 44,3 фоиз, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш 200 тага ёки 114,3 фоиз, транспорт воситаларида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш 62 тага ёки 6,2 фоиз, гиёвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш 59 тага ёки 72 фоиз, безорилик 46 тага ёки 14 фоиз, мансаб сохтакорлиги 33 тага ёки 57,9 фоиз, пора бериш 32 тага ёки 17,8 фоиз, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш 23 тага ёки 209,1 фоиз, талончилик 15 тага ёки 65,2 фоиз, одам савдоси 7 тага ёки 116,7 фоизга ортган.
Жиноий ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда аёллар иштирокидаги жиноятлар ўсиб боряпти.
Ўтган йилда 751 нафар хотин-қизга нисбатан 594 та жиноий иш қўзғатилиб, шундан 573 нафарига жазо тайинланиб, ҳукм чиқарилган. Бу кўрсаткич аввалги йилга қараганда 162 нафарга ёки 27,5 фоизга ортган.
Судлар томонидан инсонпарвалик тамойили қўлланилиши натижасида 16 нафар шахс оқланган, 601 нафар шахс эса суд залида қамоқдан озод қилинган. 1 минг 494 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, енгилроқ турдаги жазо тайинланган. 1 минг 418 нафар шахс тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
Вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан жами 93 минг 934 та иш кўриб тамомланган. Бундай оғир юкламали иш кўлами таҳлил қилинганда, ҳар бир судьяга ўртача иш ҳажми бир ойда 502,3 та ишга тўғри келиб, бу Республика бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Демак, суд идораларида штатлар жадвалини қайта кўриб чиқиш, айниқса, фуқаролик бўйича судьялар сонини ошириш зарур.
Маълумотларга кўра, суд қарорларига асосан никоҳдан ажратилган оилалар сони 2022 йили 2 минг 666 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан вилоятда суд орқали никоҳдан ажратиш ҳолатлари 576 тага кўпайган. Ажримлар ошиши асосан Наманган шаҳри (650 та), Чуст (259 та), Чортоқ (221 та), Поп (217 та) ва Уйчи (196 та) туманларида кўп кузатилган.
Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жами 245 та хусусий ажрим чиқарилган.
Кичик бизнес субъектлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир 1 минг 277 та иш кўрилиб, шундан уларнинг фойдасига 143 миллиард 352 миллион сўм қарздорликларни ундириш юзасидан суд ҳужжатлари қабул қилинган.
Вилоят маъмурий судлари томонидан ўтган йилда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 988 та иш кўриб тамомланган. Шундан 497 таси, яъни 50,3 фоизи бўйича судга мурожаат қилувчиларнинг талаблари қаноатлантирилиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА