Наманганда секторлар фаолиятини ўрганилди
Наманганда Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали ташаббуси билан шаҳар ва туманлар секторлари котиблари учун амалий семинар ўтказилди.
Таъкидланганидек, 2020 йил 26-27 июнь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб секторлар томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини манзилли ўрганиш бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси” ижроси юзасидан ташкил этилган Президент Администрацияси Ишчи гуруҳи яқинда беш кун давомида вилоятда секторлар фаолиятини ўрганди.

Ўрганишлар жараёнида сектор раҳбарлари тасдиқлаган “Йўл харита”лари ва кафолат хатлари ижросида бир қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Хусусан, сектор котибларининг ўз ишини тўлақонли тушунмаслиги, олиб борилаётган манзилли ишлар тизимли тартибда белгилаб олинмаган. Қолаверса, ўрганиш натижалари бажарилаётган ишлар “Темир дафтар” га тўғри келмаслиги, ишга жойлаштириш масаласида сектор раҳбари масалани ичига чуқур кириб, масъулият билан шуғулланмаганлигини кўрсатиб қўйди.
Ёшлар ва чет элдан келган шахслар бандлигини таъминлашда аниқ рўйхатлар шакллантирилмаганлиги, эҳтиёжманд оилалар билан ишлашда сектор ва маҳалла масъуллари уларни шахсан танимаслиги каби камчиликлар ҳам бўй кўрсатди.

Айрим секторлар фаолияти ташкилий жиҳатдан тўлиқ йўлга қўйилмаган, иш шарт-шароитлари яратилмаганлиги ҳам қайд этиб ўтилди. Наманган шаҳар прокурори раҳбарлигидаги 2-секторда ташкил этилган семинарда Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали раҳбари Шуҳрат Тўхтабоев сўзга чиқиб, вилоятдаги барча секторлар котибларига Ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, сектор масъуллари фаолиятни тизимли йўлга қўйишга кўмаклашиш, штабда бўлиши тавсия этиладиган норматив-ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар билан яқиндан таништириш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни тўғри юритиш бўйича тавсиялар берди.
Семинар давомида секторлар фаолиятини мониторинг қилиш натижасида аниқланган камчиликлар таҳлили бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, мавжуд камчиликларга барҳам бериш юзасидан зарур тушунча ва йўл-йўриқлар кўрсатиб ўтилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА