Наманганда саноат ярмаркаси иш бошлади
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги "Афсоналар водийси" тематик паркида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти бошқармаси томонидан арзонлаштирилган саноат ярмаркаси ташкил этилди.
Вилоятда маҳаллий тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётни рағбатлантиришга қаратилган мазкур тадбир аввалида икки юздан зиёд тадбиркорлик субъекти иштирокида 320 турдаги маҳсулот ва хизматлардан иборат кўргазма намойиш этилди.


Ярмаркада анъанавий ҳунармандчиликдан тортиб, замонавий истеъмол маҳсулотларигача бўлган кенг ассортиментдаги маҳаллий маҳсулотлар намойиш этилмоқда. Ушбу ярмарканинг очилиш маросими қардошлар дийдорига, ҳамкорларнинг музокараларга уланиб кетди. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамроҳлигида Қирғиз Республикасининг Жалолобод, Ўш ва Норин вилоятларидан ташриф буюрган делегация вакилларида кўргазма илиқ таассурот қолдирди. Меҳмонлар наманганлик ишбилармонлар билан икки томонлама ҳамкорлик борасида амалий мулоқотлар ўтказди.


– Наманган шаҳрида бошланган 62-Халқаро гуллар фестивали доирасида уюштирилаётган ярмарка маҳаллий тадбиркорларга ўз маҳсулотларини намойиш этиш ва кенгроқ аудиторияни қамраб олиш учун катта имконият яратади, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Одилжон Акбаров. – Кичик бизнес вакиллари тақдим этаётган турли хил маҳсулотлар ва хизматлар ҳамёнбоп нархларда бўлгани учун ярмаркага нафақат водий, республикамиз, балки Марказий Осиё мамлакатларидан ҳам ташриф буюрувчиларни кенгроқ жалб этиш кутилмоқда.

Ярмарка маҳаллий корхоналарга ўз маҳсулотларини намойиш этиш учун платформа тақдим этишдан ташқари, меҳмонлар учун Ўзбекистон, қолаверса Наманган вилоятининг моддий-маданий мероси ҳақида кўпроқ маълумот олишлари учун ажойиб имконият ҳамдир. Кўргазмага қўйилган кўплаб маҳсулотлар анъанавий техника ва материаллардан фойдаланган ҳолда тайёрланган бўлиб, ўзининг миллийлиги, тарих билан уйғунлиги билан юртимизнинг бой ўтмиши тарихи ва маданияти ҳақида қисқача маълумот беради. Умуман олганда, ярмаркага келувчилар кўргазмаларни томоша қилиш асносида маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлаш ва Наманганнинг ўзига хос маданиятини ҳис қилишлари мумкин. Арзонлаштирилган савдо ярмаркаси жорий йилнинг 21 июнь кунига қадар давом этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА