Наманганда “Президент арчаси” шодиёнаси
Болаликнинг шодлик ва қувончлари, беғубор дамларнинг унутилмас таассуротларини ўзида мужассам этувчи Янги йил чиндан ҳам жажжиларга ўзгача шукуҳ ва завқ улашади. Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар доимий қўллаб-қувватлаб келинаётгани ҳам бежиз эмас.
Наманган вилояти мусиқали драма театри биносида анъанага мувофиқ “Президент арчаси” байрам тадбирида ҳам эртамиз эгаларига бўлган беқиёс ғамхўрлик ўз ифодасини топди. Унга оилавий болалар уйлари, ота-онадан қаровисиз қолган чин етим болалар, Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фарзандлари, шунингдек, “Ижтимоий ҳимоя” реестрида турган моддий ёрдамга эҳтиёжманд оилаларнинг дилбандлари таклиф этилди.

Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов болажонларни Янги йил байрами билан муборакбод этиб, эзгу тилакларини билдирди. Давлат ва жамоатчилик вакиллари иштирокида 16 ёшгача бўлган 400 нафар ўғил-қизнинг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғалари тантанали тарзда топширилди.

– Отам Абдурашид Умрзоқов Миллий гвардия сафида фидойилик билан хизмат қилган. Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бурчларини ўташ чоғида ҳалок бўлган. Ватанимиз, халқимиз учун жонини фидо қилган отамиз билан фахрланамиз, – дейди Учқўрғон туманидаги 14-сонли умумтаълим мактаби юқори синф ўқувчиси Назарбек Ҳамидов. – “Президент арчаси”га таклиф этишди, унда Юртбошимиз бизга юборган ўқув қуроллари, соат, турфа ширинликлар ва китоблардан иборат Янги йил совғаларини олдик. Бундан дилимиз қувончга тўлди. Биздек дили ўксик оилаларга ҳамиша қайғуриб, ғамхўрлик кўрсатилаётганидан беҳад миннатдормиз.

Тантанали тадбирда вилоят театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган “Янги йил мўъжизаси” номли саргузаштларга бой спектакль кичкинтойларни завққа тўлдирди.
Эътиборлиси шундаки, 9-12 ёшдаги васийликка олинган, ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 422 нафар боланинг ҳар бирига вилоятдаги тижорат банклари томонидан 500 доллардан омонат жамғармаси шакллантирилди.

24 турдаги ўқув қуроллари ва 34 хилдаги ширинликлардан иборат Президент совғалари 200 дан зиёд болажонларнинг яшаш манзилларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда туман ҳокимликлари мутасаддилари иштирокида етказиб берилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.