
ФОТОРЕПОРТАЖ
Саноқли кунлардан кейин умумтаълим мактабларида ўқув йили якунланиб, болажонлар учун ёзги таътил бошланади. Оромгоҳлар ўқувчиларга ўз бағрини очади.
Хўш, оромгоҳлар ёзги мавсумга шайми?
Наманган вилоятида болалар оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш, ўқувчиларнинг ёзги таътилда мароқли дам олишини ташкил этиш, оромгоҳларда фаолият кўрсатувчи мутахассисларнинг малака ва тажрибасини ошириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда барча оромгоҳларнинг 2023 йил учун даромадлар ва харажатлар лойиҳа-сметалари тасдиқланди. Шунингдек, 147 нафар мавсумий педагог кадрлар танланиб, уларга мутахассислар томонидан семинар-тренинг ўтказилди ва сертификатлар берилди.
[gallery-11972]
Бугунги кунда вилоятда қарийб 359 минг 388 нафар 7-14 ёшдаги ўғил-қиз истиқомат қилади. Жорий ёз мавсумида жами оромгоҳларга эса атиги 15400 нафар бола қамраб олиниши имконияти мавжуд. Шу боис, Департамент тасарруфидаги 7 та 4920 нафар ва 1 та хусусий оромгоҳда 480 та, жами 5400 нафар болани оромгоҳларда дам олишини ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда. Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти жамғармаси маблағлари ҳисобидан ва туман ҳокимликлари ёрдами билан дам олиш масканларини соғломлаштириш учун тайёр ҳолга келтириш ишлари олиб борилмоқда.
Чуст туманида жойлашган “Меҳржон” ва “Оби ҳаёт” болалар оромгоҳлари 270 ўринга мўлжалланган бўлиб, мавсумда 1080 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган. Мазкур оромгоҳларда мавсумга тайёргарлик ишлари бошланган. Оромгоҳлар ҳудуди бегона ўтлар ва чиқиндилардан тозаланган, мевали ва манзаралари дарахтлар экилган, хоналардаги қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар таъмирланиб, тартибга келтирилмоқда. Ётоқхона, ошхона биноларини ташқи томони, спорт майдончаси ва оромгоҳни кириш қисмида таъмирлаш ва бўяш ишлари амалга оширилмоқда.
Норин туманида жойлашган “Норин” болалар оромгоҳи 160 ўринга мўлжалланган бўлиб, мавсумда бу ерда 640 нафар бола дам олади.
Поп тумани Чодак қишлоғида жойлашган “Бинафша” болалар оромгоҳида эса мавсум давомида 480 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган.
Косонсой туманида жойлашган “Соҳил” болалар оромгоҳи ҳам
мавсумда 640 нафар болажонга ўз бағрига очади.
Янгиқўрғон туманидаги “Заркент” ва “Нанай” болалар оромгоҳлари 520 ўринга мўлжалланган бўлиб, мавсумда ушбу масканларда 2080 нафар боланинг дам олишини ташкил этиш кўзда тутилган.
Оромгоҳларга Департамент томонидан ётоқхона, ошхона, тиббиёт, маиший хизмат, спорт, маданий тадбирлар жиҳозлари, шунингдек, генератор (дизель)+стабилизатор етказиб берилиши белгиланган.
Мавсум давомида оромгоҳларда интеллектуал ривожлантириш, экологик-биологик ва ўлкашунослик, техник ижодкорлик, ижтимоий мослашув, тарбия ва спорт-соғломлаштириш, бадиий ижодиёт йўналишларига эътибор берган ҳолда машғулотларни ташкиллаштириш кўзда тутилган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА