Наманганда Наврўзга тайёргарлик қизғин
Обод ва файзли юртга байрамлар ярашади. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 мартдаги тегишли фармойиши доирасидаги бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилган “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки!” шиори остидаги умумхалқ хайрия ҳашари Наманган вилоятида ҳам кўтаринки руҳда ўтди.
Халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик, ободлик, меҳру оқибат каби миллий қадриятларини ўзида мужассам этган, қолаверса муқаддас Рамазон ойи арафасида кўнгилларни мунаввар этувчи мазкур ҳашарда маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, соғлом турмуш тарзи ва санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашдек хайрли ишлар бажарилди.

Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида дарахт кўчатларини экиб, боғ яратиш ишлари авж палласига кирди. Кекса-ю ёш, фаол ва масъулиятли фуқоралар ушбу умумиллий лойиҳа атрофида жипслашиб, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофи ва ўз ҳовлисига дарахт кўчатлари экмоқда. Жумладан, Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда унинг ён-атрофида дарахт ниҳоллари экиб, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов бошчилигидаги сектор раҳбарлари жараённи кўздан кечириб, кўчат ўтқазишда иштирок этди. Келгусида ушбу дарахтларни парваришлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар кўрилиши айтиб ўтилди.
– Ҳашарда фуқароларимизнинг кўтаринкилиги, юртимиз обод ва кўркамлиги йўлидаги дахлдорлик ҳисси яққол кўзга ташланди, – “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими масъул ходими Жобирхон Шокиров. – Сўнгги маълумотларга кўра, Наманган вилоятида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари давомида жами 1 миллионга яқин фуқаролар иштирок этди. Уларнинг 547 мингга яқини ёшлардир. Ҳашар давомида 1251,4 гектар майдонлар тартибга келтирилиб, 908,8 тонна чиқиндилар чиқариб ташланди, 182,2 километр масофадаги ариқ ва лотоклар тозаланди. Вилоят ҳудудидаги 650 та қабристонда ҳамда 34 та зиёратгоҳ, муқаддас қадамжода Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний муассасалар, шу жумладан, масжидларнинг имом-хатиблари бошчилигида кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жойларда қизғин руҳда кечган ҳашар давомида 171 минг 722 туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда 287 минг 846 туп гул кўчатлари қадалди, 600дан ортиқ техника воситалари жалб қилинди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатиш мақсадида 758 та оиланинг 26 минг 124 м2 ҳамждаги уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. Масалан, “Маҳалла” фонди ташаббуси билан Мингбулоқ туманидаги Қолгандарё маҳалласида истиқомат қилаётган кам таъминланган оила соҳибаси Эътибор Мамадалиеванинг 25 кв. метр ҳажмдаги уй-жойи, Косонсой туманидаги Истиқлол маҳалласида яшовчи Сидиқажон Убайдуллаеваннинг 58 кв. метр ҳажмдаги уй-жойи ҳомийлик маблағлари ҳисобидан таъмирланди. Бундан ташқари, 1 минг 334 та эҳтиёжманд оилага, шундан 628 нафар ногиронлиги бор ва якка-ёлғиз кекса ҳолидан хабар олиб, уларга моддий кўмак берилди. Мазкур хайрия тадбирлари натижасида 681 миллион 769 минг сўмлик моддий ёрдам маблағлари сарфланди.
Ҳашар кунлари бир қатор ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди. Хусусан, Наманган шаҳридаги Яккасада маҳалласида жойлашган 26-сонли умумтаълим мактаби, Мингбулоқ туманидаги Ойбек ва Пахтакор маҳаллаларида аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи шоҳобчалар, Меҳнатобод ва Фаровон маҳаллаларида тўйхона, Мустакиллик маҳалласида кўп қаватли уйлар орасида болалар майдончаси ишга туширилди. Поп туманидаги Ҳазрати боб, Ипак йўли ва Наврўз маҳаллалари идораси, Тўрақўрғон туманидаги Туркистон ва Чуст кўприк маҳаллаларида спорт майдончалари таъмирланди. Наврўз шукуҳи уфуриб турган Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида, олис ва чекка манзилдаги қишлоқ жойларида Муборак Рамазон ойи арафасида эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор оилалар, ёлғиз қариялар, беморлар ҳолидан хабар олиш, уларга меҳру муҳаббат улашишдек савобли юмушлар, янги маҳалла бино ва гузарлари, болалар майдончаларини қуришдек бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.