Наманганда медиа департамент ташкил этилди
Вилоят ҳокимининг қарори билан “Наманган вилояти салоҳиятини тарғиб этиш медиа департаменти” давлат унитар корхонаси ташкил этилди.
Бу ҳақида ЎзА мухбирига Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Фарҳод Мамадалиев хабар берди.
Вилоят ҳокимлиги ҳузурида фаолият юритадиган янги медиа муассасага узоқ йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар жам бўлган.
Медиа департамент ўз олдига давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, ҳудудларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида тезкор, холис ва тўлақонли ахборотлар етказиш, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари фаолияти шаффофлигини таъминлаш, ахборот хизматлари ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилди.
Дастлабки босқичда “Наманган хабарлари” телеграм каналини йўлга қўйган медиа департамент яқин вақт ичида ўз веб-сайтини очиб, махсус ахборот агентлиги, телерадиоканал ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини ишга туширишни кўзда тутган.
Бундан ташқари, медиа департаменти таркибида иш юритадиган “Media school”да интернет, фото ва тележурналистика бўйича малакали кадрлар, эфир орти техник ходимлари, медиаменежер каби мутахассислар тайёрланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА