Ўзбекистон Маҳаллари уюшмаси томонидан “Яшил макон” яратиш тадбирлари борасида “Келажак учун ниҳол экинг!” шиори остида эълон қилинган долзарб ўн кунликда республикамиздаги ўн мингга яқин маҳаллаларда кузги ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Наманган вилояти Чортоқ туманидаги Бешкапа маҳалласи ҳудудидаги бир гектар майдонда “Маҳалла боғи” барпо этишга киришилди.
Президентимизнинг 2023 йил 23 ноябрдаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган мазкур хайрли ташаббусга тумандаги мавжуд 57 та маҳалла фуқаролар йиғини “еттилиги” ходимлари ва фаоллари, нуронийлар, туман ҳокимлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳамда ободонлаштириш бўлимлари вакиллари муносиб ҳисса қўшди.
Янги боғ ҳудудида мевали, манзарали ва бута ниҳоллари ўтқазилди. Яхши ниятлар билан ерга қадалган ниҳоллар эндиликда эътиборсиз ва қаровсиз қолмайди.
Боиси, ҳар бир маҳаллада шаклланган маҳалла бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланган ҳолда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида нафақат дарахт экиш, балки уни доимий равишда суғориш ва кимёвий ишлов бериш, парваришлаш ишлари тизимли ташкил этилади.
“Яшил макон” платформаси билан “Рақамли маҳалла” платформасини интеграция қилган ҳолда ҳар бир маҳаллада экилган барча кўчат ва буталар рақамлаштирилиб, суғориш ва парваришлаш ишлари доимий назорат қилиб борилади.
– Дунё миқёсидаги глобал иқлим ўзгаришлари атроф-муҳит мусаффолигига салбий таъсир кўрсатмоқда, – дейди Чортоқ туманидаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Носиржон Ризаев. – Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан кенг кўламда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бу бежиз эмас, боиси яшиллик сари одимлайдиган мазкур хайрли иш ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўчада узвий давом этмоғи лозим. Шу нуқтаи назардан, маҳалламиз фаоллари саъй-ҳаракатлари билан 200 тупдан ортиқ ниҳолларни ўтқаздик.
Маълумот ўрнида, Наманган вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллалар кесимида жами 1 миллион 623 минг 680 дона кўчат экилади. Шундан 472 минг 800 ниҳол ижтимоий дафтарларга киритилган оилаларга, 29 мингтаси эса якка-ёлғиз кишиларга тарқатилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА