Узоқ буюк ўтмишимиздан сўзловчи, халқимизнинг умуммиллий бойлиги саналган моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларни келажак авлодларга қолдириш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир. Шу боис ҳам бу борада ҳукуматимиз томонидан тегишли қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тарихий-маданий қимматга эга бўлган ёдгорликларни сақлаш давлат назоратига олинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 мартдаги “Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори юртимиздаги археологик ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳ ва обидаларни асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мазкур ҳужжат билан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳамда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш, уларга шикаст етказиш бўйича тегишлича жавобгарлик кучайтирилган.
Мамлакатимизда, хусусан Наманган вилоятида моддий-маданий мерос объектларини сақлаш, келгуси авлодларга асл ҳолида қолдириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай муқаддас қадамжоларга зарар етказиш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди.
Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича шаҳар, туман судлари томонидан ўтган 2022 йил ва жорий йилнинг шу давригача 5 ҳолатда маданий мерос соҳасига доир жиноят ишлари кўрилган бўлиб, уларда жами 157,4 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланган. 2023 йил 3 март куни жиноят ишлари бўйича Поп тумани судида Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос-станциялари ва энергетика бошқармаси ходимлари Ж. У. ҳамда А. Ю.га оид жиноят иши кўриб чиқилган. Иш бўйича тўпланган ҳужжатларга кўра, Янгиқўрғон тумани Навкент маҳалласи “Шўркўл” кўчасида жойлашган “Ўрдатепа” археология ёдгорлиги Наманган вилояти ҳокими ҳамда Янгиқўрғон тумани ҳокимининг тегишли қарорлари билан моддий маданий мерос ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси балансига ўтказиб берилган. Ҳукуматимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорига асосан археология ёдгорлиги сифатида миллий рўйхатга киритилган бўлсада, судланувчилар Маданият вазирлигидан тегишли рухсатнома олмасдан ёки туман ҳокимининг ер бериш тўғрисидаги қарорисиз, ўзбошимчалик билан уй-жой иморатлари қуриб ва дарахт экиб, давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектини қасддан нобуд қилган.
Суд Ж. У. ва А. Ю.ни Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, уларга нисбатан жазо тайинлади. Шунингдек, судланувчи Ж. У. дан вилоят маданий мерос бошқармаси фойдасига 36 960 000.000 сўм, А. Ю. дан 31 920 000 000 сўм моддий зарар ундириш белгиланди.
Бу каби маданий мерос объектларига зарар етказиш, уларни қасддан нобуд қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари Уйчи ва Норин туманларида ҳам кўриб чиқилган. Давлат муҳофазасига олинган ёдгорликларга зиён етказган шахсларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилган. Шунингдек, суд ҳукми билан жами 77 миллиард сўмга яқин маблағлар давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.
Қайд этиш жоизки, Наманган вилоятида давлат муҳофазасига олинган 300 га яқин моддий-маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга безавол етказиш нафақат маҳаллий ҳокимлик идоралари, балки тарихимизга бефарқ бўлмаган ҳар бир ҳамюртимизнинг виждон амрига айланмоғи лозим.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА