Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақл заковатли бўлишида китобнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Бутун мамлакатимиз бўйлаб бошланган “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остидаги V Республика “Китобхонлик ҳафталиги” ҳам аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини оммалаштиришга қаратилгани билан аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, Наманганда вилоят ҳокимлиги, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан ташкил этилаётган китобсеварлар байрамининг очилишида давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, вилоят, шаҳар ва туман ахборот кутубхона марказлари масъуллари, китобсевар ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхонаси марказида бўлиб ўтган ҳафталикда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси, “Эл юрт ҳурмати” ордени соҳиби Зиёвиддин Мансуров, вилоят ахборот кутубхона маркази директори Мавлуда Жўрабоева халқимиз, айниқса, ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онги, тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, эртамиз эгаларини Ватанга муҳаббат туйғуси билан тарбиялашда ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади.

– Китоб – маънавий хазина, шахс камолотида муҳим ўрин тутувчи восита. Инсониятнинг буюк кашфиётларидан ҳисобланган китоб билимлар манбаи, дунёни билиш ва ўзликни англашга олиб борувчи маёқдир. Шу боисдан ҳам жамиятимизда китобхонликка алоҳида эътибор берилади, тарихий кутубхоналарга ҳурмат билан қаралади, – дейди таниқли шоир Зиёвиддин Мансуров. – Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг тегишли бандида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонликни ҳамда аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни ривожлантириш вазифаси белгиланган. Бунда, айниқса, китобхоналик ҳафталиги каби тадбирлар таъсирчанлиги устуворлик касб этади. Зотан, китоб ва китобхонлик ёш авлод тарбиясида аҳамияти катта.
Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда дастуриламал бўлмоқда.

Ҳафталик давомида “Ноширдан ўқувчига” китоблар кўргазмаси, “Илм – адолат мезони” шиори остида ёш олимлар билан мулоқот, “Китобхон оналар” клуби аъзолари иштирокида учрашув, “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили”га бағишлаб, ўқувчилар ўртасида “Табиатни асраш – муқаддас бурч” танлови, “Тезкор саволларга тезкор жавоблар” мавзусида китобхонлар марафони, “Кутубхонага қўлингни чўз” хайрия акцияси, “Китоб – тафаккур хазинаси” шоири остида маънавият соати”, жадидлар меросини чуқур ўрганишга қаратилган “Туркистон халқининг миллий қаҳрамонлари” сўровномаси ўтказилади.

“Китобхонлик ҳафталиги” нафақат зиё масканлари, балки меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда ҳам кенг қулоч ёзиб, унда китобхонликни тарғиб этишга қаратилган ярмаркалар, акциялар, давра суҳбатлари, тақдимотлар ҳамда турли танловлар ташкил этилади. Китоб ва ёшлар ўртасида ўзига хос маънавий кўприк вазифасини ўтайдиган “Китобхонлик ҳафталиги” 27 апрелга қадар давом этади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА