Аёл – она, аёл – опа-сингил, аёл – суюкли ёр. Аёл бир қўли билан бешикни тебратса, бир қўли билан дунёни тебратади, деб бежизга айтишмаган.
Наманган шаҳридаги “Шердор” тантаналар мажмуасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан 8 март - Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ташкил этилган байрам тадбирига барча шаҳар ва туманлардан маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"да рўйхатга олинган икки юздан зиёд хотин-қизлар таклиф қилинди.
Тадбир аввалида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов мунис онахонлар, мўътабар опа-сингилларимизни қўшалоқ кўклам байрами билан табриклаб, эзгу тилакларини билдирди. Таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатимизда миллатимизнинг эртанги келажагига пойдевор қўядиган муҳтарама хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни яшаш шароитларини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила ва жамиятдаги муносиб ўринларини мустаҳкамлаш борасида изчил давлат сиёсати юритиб келинмоқда. Бунинг биргина амалдаги ифодаси, қолаверса “Наманган тажрибаси” сифатида 8 март байрами арафасида вилоятда махсус ижтимоий дафтарларга киритилган, оғир турмуш шароитига тушиб қолган хонадонларга эҳтиёжманд хотин-қизлардан 110 нафарига уй-жойлар топширилди.
[gallery-10880]
Қайд этиш жоизки ўтган 2022 йилда вилоятда уй-жойга муҳтож 1 минг 410 нафар хотин-қизнинг 859 нафари уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, 204 нафар аёл-қизнинг ижара компенсациялари тўланиб, 621 нафарига уй-жойи таъмирлаб берилди. “Бир пиёла чой” дастурхони атрофида таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастуридан байрамона завққа тўлган тадбир иштирокчиларининг ҳар бирига 500 минг сўмдан моддий ёрдам пуллари тақдим қилинди.
– Тақдир тақозоси билан ёлғиз бошим билан чеварчиликни орқасидан тўрт фарзандни ўстиряпман. Тўнғич ўғлим 28 ёшда, айни пайтда хорижда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Инжинерликка қизиққан катта қизим эса Наманган муҳандислик-технология институтида контракт асосида таҳсил олмоқда, – дейди Чуст туманидаги Сероб маҳалласида истиқомат қилувчи Саида Аҳмедова. – Абгор ҳолга тушиб қолган ҳовлимизда уй-жой қуришга ёрдам берилишини сўраб вилоят ҳокимининг сайёр қабулида қилган мурожаатимиз ўз ечимини топганидан хурсандмиз. Тезкорлик билан қурилиш ишларига киришилди, ҳадемай янги уйларимиз ҳам битади. Юртимизда инсон қадри улуғланаётгани учун давлатимиз раҳбариятидан беҳад миннатдормиз.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.