Наманганда гуллар фестивали давом этмоқда
Наманган шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган анъанавий гуллар фестивали нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки чет элликларни ҳам ўзига мафтун этмоқда. Бу йилги гуллар фестивали ҳам ўзгача тарзда ўтмоқда.
Халқаро гуллар фестивали тантаналари водийнинг ҳаво дарвозаси – Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган турли русумдаги 200 дан зиёд енгил ва юк автомобиллари анвойи гулларга бурканган машиналар карвони Ислом Каримов шоҳ кўчасидан Темирйўл вокзали айланма йўли – Амир Темур – Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланди.
Наманган ер юзининг турли нуқталаридан ташриф буюрган турли миллат ва элат вакилларини, таниқли санъат ва маданият намояндаларини ўз бағрида жамлади. Гўзаллик ошноларининг юз-кўзидаги қувонч, шодлик, хурсандчилик, шукроналик туйғулари фестивалга чинакам кайфият улашмоқда. Нуфузли фестивалнинг тантанали очилиш маросими ҳар галгидан фарқли равишда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғининг Нодирабегим кутубхонаси олдида бўлиб ўтди.
Гуллар фестивалига аталган махсус қўшиқ янгради. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов нафосат ва гўзалликка ошуфта дилларни ўзига ром этаётган фестиваль йиллар давомида янада сайқаллашиб, Наманганнинг ўзига хос “ташриф қоғози” га айланаётганини таъкидлади. Буни 2022 йилда фестивалга 2 миллион 300 мингдан зиёд меҳмон келганида ҳам кўриш мумкин. Жорий йилги анжуманда эса тўрт миллиондан зиёд туристлар ташрифи кутилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Қирғиз Республикасининг Жалолобод, Ўш ва Норин вилоятлари ҳамда Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар аъзолари, шунингдек, Хитой, Корея, Ҳиндистон давлатларидан таклиф этилган меҳмонлар иштирок этди.
Наманган шаҳрида жойлашган Гулчилар ассоциацияси лабораториясида гулларнинг янги навларини яратиш, уларни клонлаш ва турларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу фестиваль доирасида махсус ер участкалари ажратилиб, зарур инфратузилма яратилди. Бу ерда иссиқхона хўжаликларида маҳаллий гулчилар мингдан зиёд бир йиллик, кўп йиллик ва бошқа турдаги турфа хил гуллар парваришламоқда. Давлатобод ва Наманган туманларида гулчиликка ихтисослаштирилган алоҳида кластерлар ташкил этилди. Унда истиқболли навларни кўпайтириш, хориждан келтирилган кўчатларни маҳаллийлаштириш орқали янги навлар яратишга йўналтирилган илмий-амалий марказ шакллантирилди. Бу йилги фестивалда нафақат юртимиз гулчилари, балки уларнинг Ҳиндистон, Эрон, Хитой ва Жанубий Кореядан келган ҳамкасблари ҳам иштирок этмоқда.
– Жорий йилги фестиваль олдидан вилоятимиз марказида катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Асосий тантаналар ўтаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғи ва “Афсоналар водийси” тематик парки, кўчалар ва катта йўл бўйларига 30 миллиондан ошиқ гул кўчатлари экилди, – дейди Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов. – Биргина, Бобур боғининг ўзида 22 миллион гуллардан композициялар яратилди. Аҳамиятлиси шундаки, анъанавий кўп йиллик гуллар етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратдик. Бугунгача 1,5 миллион атиргул, 2 миллиондан ортиқ райҳон ва ялпиз кўчатлари экилди.
– Гуллар байрамидамиз, – дейди Маданият ва туризм вазири, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков. – Муҳит жуда ажойиб. Одамлар хурсанд. Ҳақиқий байрам кайфияти ҳукмрон. Шаҳар гўё гулларга бурканган. Бундай гўзалликни сўз билан таърифлаш қийин. Юртимизда шундай байрамлар кўпайсин. Оилаларда тинчлик хотиржамлик, файзу барака бўлсин.
– Наманганга биринчи бор келишим, – дейди Ўш шаҳридан келган Мисқал Холбоева. – Гуллар байрами ўтказилиши ҳақида эшитиб, гўзалликдан баҳраманд бўлиш учун синфдошлар билан келдик. Аёллар суйган, улар учун энг зўр совға бу – гуллар. Очиғи, гулларга бурканган автопарадни кўриб, ҳайратим ошди. Бунақа завқни ҳозиргача ҳеч қаерда кўрмаганман. “Гуллар шаҳри” дея таърифлашганича бор экан. “Афсоналар водийси” боғи ҳақида интернетдан хабардор бўлгандим, уни айланиб, мақталганича борлигига амин бўлдим.
Дарҳақиқат, мафтункор манзаралар, сермазмун томошалардан шодланиш иштиёқидаги 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганлар гуллар тимсолида нафосатга ошуфта шаҳар аҳлининг азму шижоати, гулга бўлган меҳридан ҳайратланиб, уларнинг гулчилик тажрибасига юқори баҳо бермоқда.
Фестиваль доирасида ахборот технологиялари форуми, Ахсикент тарихи халқаро илмий конференцияси, арзонлаштирилган саноат маҳсулотлари ярмаркаси ва ҳунармандлар кўргазмаси каби йирик тадбирлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, этноспорт ва дунё таомлари фестивали, ўзбек палови чемпионати, қўл жанги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги халқаро турнири, “Талант-шоу”, “Иллюзия-шоу”, Фарғона водийси мода ҳафталиги, жаҳон киноси ҳафталиги, Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг очиқ осмон остидаги концерти, Ўзбекистон миллий академик драма театри спекталлари, “Ўзбек давлат цирки” томошалари каби бир-биридан мазмунли тадбирлар бўлиб ўтади. Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Милена Мадмусаева, Оғабек Собиров, Женисбек Пиязов каби элимизнинг таниқли санъаткорлари ўзларининг энг сара қўшиқларини тақдим этишади. Қолаверса, яна жаҳон эстрадасининг таниқли намояндалари туркиялик Рафет Эл Роман, озарбайжонлик Талиб Тале ва Зайнаб Ҳасанийнинг катта шоу-концертлари ҳам ташкил этилади.
[gallery-12002]
Наманган вилоятининг ички ва ташқи туризм ривожида муҳим аҳамият касб этадиган, инвестициявий салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган, қолаверса тинчлик, меҳр-оқибат, нафосат, маданият, дўстлик байрами сифатида қалбларга завқ улашаётган гуллар фестивали кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА