Дастурхонларимиз кўрки, барака омили – мазали нонларни тановул қилганда, беихтиёр кўз ўнгингиздан бободеҳқонларнинг заҳматли меҳнатлари ўтади.
Наманган вилояти Поп туманида биринчилардан бўлиб буғдой ҳосилини йиғишга киришилди. “Барно Доно Дунёбек” фермер хўжалигида бўлиб ўтган семинарда Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги мутасаддилар, барча туман ҳокимлари, фермерлар, агротехника экспертлари ва ғалла отрядлар раҳбарлари иштирок этди.

Семинарда, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни ўз вақтида экиш, эҳтиёжманд оилаларга ер ажратиш орқали мавсумий иш ўринлари яратиш каби ишлар агротехник талабларга мос тарзда олиб борилиши лозимлиги таъкидланди. Мавсум бошланиши муносабати билан жонлиқ сўйилиб, дуо қилинди.

Қайд этилганидек, Поп туманида жорий йил ғалла мавсуми учун 10 минг 517 гектар майдонга дон экилиб, 34 минг 578 тонна ҳосил режа қилинган. Бунинг учун 42 та ғалла ўриш отряди ва 42 та замонавий комбайн шай ҳолга келтирилган. Қолаверса, 195 та автотранспорт, кўчма уйлар ва барча шарт-шароитлар таъминланган.


Эслатиб ўтамиз, Наманган вилоятида жорий йил бошоқли дон ҳосили учун жами 66 минг гектар майдонларга ғалла экиб парвариш қилиниб, ҳар гектаридан ўртача 87,3 центнердан 576 минг тонна дон етиштирилиши режалаштирилган. Шу жумладан, 197 минг тоннаси давлат ва жамият ресурслари учун жамғариш белгиланган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.